Аминова Дилноза ҲИКМАТИЛЛА қизи

Аминова Дилноза ҲИКМАТИЛЛА қизи

доцент

сиёсий фанлар номзоди

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети 

ГЛОБАЛ АХБОРИЙ ЖАМИЯТДА МИЛЛИЙ МАДАНИЯТ МАСАЛАСИ

Ушбу мақолада ҳозирги  ахборот ва коммуникация асрининг тараққиёт тенденциялари, ахборот технологиялари ва Интернетнинг ўзига хос жиҳатлари, шу билан бирга, глобал ахборий жамиятда миллий маданият масаласи таҳлил этилади.

В докладе анализируются тенденции развития нынешнего  информационного и коммуникационного века, особенности информационных технологий и Интернета, а также проблемы национальной культуры в глобальном информационном обществе.

In this article the researcher analyses the development tendencies of modern communication and information, as well as information technologies, the main peculiarities of informational technologies and internet, gives the main investigations of the problems which may be faced in national cultural global information society in present century.

Калит сўзлар: ахборот технологиялари, глобаллашув, Интернет, глобал ахборий жамият, ахборот хуружи, “оммавий маданият”, миллий маданият.

Ключевые слова: информационные технологии, глобализация, Интернет, глобальное информационное общество, информационные атаки, «массовая культура», национальная культура.

Key words: information technologies, globalization, Internet, global informational society, informational attacks, “mass culture”, national culture.

Замонавий ахборот технологиялари, телекоммуникация воситалари  ва, умуман,  интернетнинг ривожланиши ахборий жамиятни шакллантириш учун зарур шарт-шароитларни яратмоқда.

Тадқиқотчилар фикрига кўра давлатнинг ахборотлашган жамиятга ўтишида қатор шартлар  хизмат қилади деб таъкидлайдилар. Бугунги кунда улар қуйидагилардан иборат:

  1. Иқтисодиётнинг глобаллашуви;
  2. Ғоявий тўсиқларнинг йўқлиги;
  3. Илғор техник юксалиш[1].

Жамият ҳаётига компьютер ва интернетнинг кириб келиши фуқароларга қулай ва тез ахборот олишлари учун кенг имкониятлар эшигини очиб берди. Ва бу глобал ахборий жараёнлар таъсирида ахборот бозорининг асосий истеъмолчилари бўлган ёшларни тобора  электрон маълумотлардан самарали фойдаланаётганликларидан далолатдир.

Мутахассислар ахборот технологиясининг асосий белгиси сифатида маълумотни қайта ишлаш жараёнининг муайян босқичларга бўлинишини эътироф этадилар. Бу эса, ўз навбатида, ушбу жараённинг батамом тартибга солиниши ва уни автоматлаштирилган ҳолда ўтказилиши учун янги имконият яратиб берди.

Демак, ахборот технологиялари  – бу объект ёҳуд воқеа-ҳодиса, жараён, объект ҳолати ҳақида янги сифатга эга бўлган ахборотларни олиш учун маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва узатиш мақсадида ишлатиладиган восита, усуллар ва техника жамланмаси ҳисобланади[2].

Айни пайтда ахборот технологияларининг 3 та асосий тамойили мавжуд:

  1. Компьютер билан интерактив режимда ишлаш;
  2. Бошқа дастурларга интеграциялаш, яъни ўзаро алоқада бўлиш;
  3. Ўз олдига қўйилган мақсаддан четлашиш имкони (янги сифатга эга бўлган ахборотни яратиш)[3].

Ҳозирги  ахборот ва коммуникация асрида кишилар кундалик ҳаётини ахборот техникаларисиз тасаввур қилиш қийин, албатта. Юқорида қайд этилган тамойиллар фикримизни исботламоқда. Зотан, оммавий ахборот воситалари бўлган матбуот, радио, телевидение ва, айниқса, интернет глобал ахборий жамиятнинг муҳим таркибий қисмига айланди.

Глобаллашув шароитида Интернетнинг аҳамияти ҳақида фикр юритганда унинг  қуйидаги жиҳатларига алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир:

Биринчидан, жамиятда янгиликлар мониторинги, таҳлилий материаллар ва журналистик текширувларни ўтказиш учун  турли хилдаги ахборотлар манбаи сифатида хизмат қилади;

Иккинчидан, интернет маълумот берувчи ахборотлар (энциклопедия ва луғатлардаги мақолалар, статистик маълумотлар, библиография, хариталар, турли компания ва ташкилотлар манзиллари  ва ҳоказолар)дан тортиб тармоқ мулоқатининг турли шакллари юзасидан кишиларнинг фикрлари (телеконференция, форумлар ва бошқалар) ҳақида зарур бўлган маълумотларни тез ва қулай топиш имконини беради;

Учинчидан, интернет – бу телефон, факс ва бошқа кундалик алоқа воситалари ичида коммуникациянинг энг самарали воситаси ҳисобланади;

Тўртинчидан, интернет ўзининг барча кўринишларида оммавий ахборот воситаларининг янги турини шакллантирувчи маҳобатли медиа макон мақомига эгалик қилади[4].

Демак, Интернет – бу универсал умумахборий муҳитдир. У, бугунги кунда, нафақат ёшлар, балки барча ёшдаги аудитория талабларини қондирмоқда. Коммуникациянинг энг самарали воситаси сифатида  халқлар ўртасида ўзаро алоқани ўрнатиб,  уларни турли йўналишдаги талаб ва истакларни инобатга олган ҳолда бирлаштирмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Интернетда берилаётган хилма-хил ахборотлар миллий маданият ва миллий ўзликни сақлашга нисбатан қарши маълумотларни тарқатиш ҳолатлари учраётгани ҳеч кимга сир эмас. Сабаби, бугун ядро полигонларидан кўра мафкуравий полигонлар энг кучли қурол воситаси сифатида  намоён бўлмоқда. Айниқса, ахборот  бугунги куннинг энг кучли қуроли ҳамдир.

Ахборот ҳуружи шароитида миллий маданиятни сақлаб қолиш, юксак маънавиятни шакллантириш, миллий ўзликни англаш, инсон онги ва қалби учун кураш, огоҳлик, хушёрлик ва сезгирлик каби тамойилларни ёшларимизга сингдириш масаласи барчамиз эътиборимиз марказида бўлмоғи даркор.

Глобал ахборий жамиятда интернет орқали ёшларимизга “оммавий маданият” иллатларига қарши бўладиган, миллий мафкура ва миллий ғояга йўғрилган маълумотларни  кўпайтириш, миллий маънавиятимизни тарғиб қилиш, ғояга қарши ғоя, фикрга қарши фикр, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш тамойилини тўлақонли равишда ҳаётга тадбиқ этиш ўта мураккаб ва аҳамият касб этувчи вазифадир.

Глобал ахборий жамиятда  миллий маданият ҳақида тўхталганда унинг туб моҳиятини ёритиш ва очиб беришда бир қатор тадқиқотчи олимларнинг ушбу масала юзасидан билдирган  фикр-мулоҳазаларини келтиришни жоиз деб топдик.

Масалан, айрим муаллифлар “бир мунча умумий тарзда олиб қаралганда у (миллий маданият) умуминсоний маданиятни конкрет халқ доирасида чеклаб қўйишдир ”[5], деб ҳисоблайдилар. Бошқаларнинг фикрича эса “миллий маданият умуминсоний, ижтимоий-синфий ва миллий ўзига хосликнинг ”Миллий маданият деганда, шу халқ яратган ва ўзлаштирган моддий ҳамда маънавий қадриятларнинг бутун мажмуи тушунилади[6].

Миллий маданият деганда, шу халқ яратган ва ўзлаштирган моддий ҳамда маънавий қадриятларнинг бутун мажмуи тушунадиган муаллифлар ҳам бор[7].

Шунингдек, миллий маданият – бу ҳар бир миллатга хос бўлган дунёни англаш, уни акс эттириш, анъаналар, одатлар, идеаллар ва қадриятларни бадиий ва амалий нуқтаи назардан ифодалашнинг ўзига хос шаклидир.

Миллий маданиятнинг мазмуни ҳар бир миллат  маданиятининг ички моҳияти ва базаси билан боғлиқдир[8].

Бизнинг наздимизда ҳам миллий маданият у маълум бир миллатнинг урф-одатлари, анъаналари, удумлар ва қадриятларини ўзида мужассамлаштирган  жамиятнинг муҳим таркибий қисмидир. Шунингдек, моддий ва маънавий бойликлар, тил ва адабиёт, ўзликни англаш масаласи миллий маданият билан бевосита боғлиқдир.

Миллий маданиятнинг жамият ҳаётида тутган мавқеи ва ўрнига кўра қатор функцияларни бажаради:

  1. Миллий ўзликни англаш, миллий ҳусусиятлар ва турли миллатлар ўртасида ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш;
  2. Миллий дунёқараш ва миллий онгни миллат манфаатларига ва тараққиётга зид бўлган тажовузлардан ҳимоялаш;
  3. Ижтимоий ва тарихий тажрибани мерос сифатида авлоддан-авлодга етказиш;
  4. Ер юзида яшаётган миллатларнинг “шахсий” манфаатлари билан бирга уларни бирлаштириб турувчи умумманфаатлар борлигини ва дунёнинг бир бутунлигини жаҳон халқлари дунёқарашининг муҳим қисми сифатида шакллантириш кабилар[9].

Бугун глобаллашув таъсирида дунё миқёсида турли миллатлар ва халқлар маданиятининг жадал суръатлар билан ўзаро  яқинлашуви кузатилмоқда.  Ахборот эса муҳим мулоқот воситаси сифатида хизмат қилмоқда ва кишилар кундалик ҳаётининг кучли қуролига ҳам айланмоқда.

Халқимиз, айниқса ёшларимиз жаҳон маданий ва маънавий ютуқларидан баҳраманд бўлмоқда. Интернет ва бошқа турли ахборот манбалари орқали ўз билимларини, маънавиятини бойитмоқда. Бу – бор хақиқат. Матбуотимизда бу хақда кўп ва хўп ёзилмоқда. Бироқ, муаммо шундаки, бундай ижобий ўзгаришлар, имкониятлар автоматик тарзда эзгуликка, маънавий юксалишга олиб бормас экан. Буни жамиятимизда, айниқса ёшлар ўртасида тобора удум, қадрият даражасига ўсиб бораётган айрим ғайри-табиий, миллий маънавиятимизга батамом зид хатти – ҳаракатлар, хулқ атворлар мисолида кузатиш мумкин[10].

Жаҳонда кечаётган иқтисодий-сиёсий жараёнлар таъсирида глобал ахборотлашувнинг бир қатор салбий оқибатлари ҳам намоён бўлмоқда. Хусусан, ахборот бугунги кунда муайян сиёсий кучлар томонидан хайрли мақсадларни амалга оширишнинг воситасига айлантирилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда,  миллатларнининг тарихи, уларнинг ўзига хос хусусиятлари,  анъаналари ва урф-одатларини барбод этиш йўли билан “оммавий маданият” иллатларини жамиятга, ва умуман кишилар онгига сингдириш цивилизациявий ҳодисага айланди. Ушбу мақсадларни амалга оширишда ахборот энг муҳим восита сифатида хизмат қилмоқда. Ахборот соҳасидаги глобаллашув эса жаҳонда етакчилик чучн кураш майдонининг марказига айланмоқда.

Ёш авлоднинг маънавий оламининг даҳлсизлигига турли мафкуравий кучлар таҳдид солмоқда. Дунёнинг мафкуравий манзараси хилма-хил ғоялар ва мафкуралар кураши билан изоҳланмоқда. Айнан ана шу маруккаб ахборотлашган жамиятда ахборот коммуникация воситалари ўзларининг ғараўли мақсад ва муддаоларини турли йўллар билан ёшлар онгига сингдиришга ҳаракат қилмоқдалар.

Шундай экан,  ижтимой-сиёсий тараққиётнинг ҳозирги шароитида миллий маданиятнинг роли ва аҳамиятини ошириш зарур. Айнан миллий маданият  халқларнинг миллий ўзлиги, анъаналари ва қадриятларини акс эттирувчи тизим ҳисобланади.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР

  1. Муратова Н. Ахборот жамиятини қуриш ва Интернетда ахборот очиқлигини таъминлашда хориж мамлакатлари ёндошувларидаги ўзига хосликлар //  Давлат ҳокмимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги фуқароларнинг ахборот олишга оид конституциявий ҳуқуқини таъминлашнинг муҳим кафолати. Ўзбекистон тажрибаси. (2015 йил 17 сентябрь Самарқанд шаҳрида ташкил этилган халқаро конференция материаллар тўплами) –Самарқанд, 2015. 126 б.
  2. Акопов А.И. Глобальное средство массовой информации // Мир медиа XXI. – 1999. www/hi-edu.ru.
  3. Қосимова Н. Интернет журналистиканинг технологик асослари. – Т., 2012. 121 б.
  4. Багдасарова Г. Интеграция СМИ в интернете и правила сетевого этикета. Интернет журналистика (Интернетда радио ва телевидение). Илмий мақолалар тўплами. – Т.: ЎзДЖТУ, 2005. 176 б.
  5. Агаев А.Г. Социалистическая национальная культура. – М.: Политиздат, 1975. 64 с.
  6. Джунусов М.С. Две тенденции социализма в национальных отношениях. –Т.: «Ўзбекистон», 1975. 232 с.
  7. Головнев А.И., Мельников А.П. Сближение национальных культур в процессе коммунистического строительства. – Минск, 1979. 176 с.
  8. Отамуродов С., Отамуродов С. Ўзбекистонда маънавий-руҳий тикланиш. –Т.: “Янги аср авлоди”, 2003. 264 б.
  9. Қодиров А. Саломлашиш одоби – “оммавий маданият”га зид маънавий қадрият // Ўзбекистоннинг маънавият стратегияси: генезиси, эволюцияси ва амалиёти мавзусидаги республика илмий-амалий анжумани илмий мақолалар тўплами. 2016 йил 31 март. –Т.: ЎзДЖТУ, 2016. 4-китоб. 287 б.

 

Leave a Reply