Нодира ХОЛМАҲМЕДОВА

Nodiraxolmedova

Нодира ХОЛМАҲМЕДОВА

ўқитувчи

Самарқанд давлат чет тиллар институти

 “АРМОН АСИРАСИ” РОМАНИ БАДИИЯТИ
 

Мақолада Зулфия Қуролбой қизининг “Армон асираси” романи бадиий хусусиятларини таҳлил қилиш орқали ёзувчининг қаҳрамонлар характерини яратишдаги маҳорати, миллий романчиликка киритган янгилиги очиб берилган. Шу билан бир қаторда, “Армон асираси” романи мисолида мустақиллик даври ўзбек адабиёти романчилигидаги ўзгаришлар ва ўзига хос хусусиятлар ўрганилди.

В статье на основе анализа романа «Пленница неисполненного желания» Зулфии Куралбай кизи раскрывается мастерство писательницы в воспроизведении характера и вклад в новшество национального романтизма. В дополнение к этому, примером романа «Пленница неисполненного желания» изучены изменения и специфические особенности прозы узбекской литературы в период независимости.

The article highlights the character creating skills and innovation on national literature of Zulfiya Kurolboy kizi on the example of novel “Captive of regret”. In addition, a novel “Captive of regret” is studied as the example with changes and specific peculiarities of prose in uzbek literature during the  independence period.

Калит сўзлар: роман, бош қаҳрамон, образ, маҳорат, ўзига хослик, руҳият, характер.

Ключевые слова: роман, главный герой, образ, мастерство, своеобразие, положение, характер.

Key words: novel, main hero, image, skill, peculiarity, mood, character.

Мустақиллик даври ўзбек адабиёти жанрлар борасида шаклланган тасаввурларни ўзгариши, яратилаётган асарларнинг назарий қолипларга тушмаслиги билан характерланади. Зеро, ижод эркинлиги деган тушунча фақат “нимани ёзишга эмас, балки “қандай ёзишга” ҳам тегишлидир. Ўзи хоҳлагандай ёзиш иштиёқи ижодий тажрибаларнинг турли ракурсларда намоён этиш имконини беради. Истеъдодли ёзувчи Зулфия Қуролбой қизининг “Армон асираси” романи ана шундай ижодий тажрибанинг ҳосиласи ўлароқ дунёга келган асардир. Унда “романтик тафаккур” яққол сезилмай, оддий одамларнинг оддийдан ҳам жўн ташвишлари, миллат тарихий тараққиётига дахлдор улкан ижтимоий воқеалар, сиёсий эврилишлар эмас, балки ўз мавжудлигини таъминлашга ҳам қурби етмайдиган ночор, кунини кўришга зўр бериб уринаётган, аммо шуни ҳам уддалай олмаётган кишиларнинг аянчли тақдири акс этади.

“Армон асираси”да ўзлигини сақлаш, ўз қиёфасига эга бўлиш имконига эга бўлмаган одам, уни ҳамиша турланиб-тусланиш, эшилишга мажбур этадиган вазият ва шундай яшашга маҳкумлиги фожиаси ва унинг руҳиятидаги титрама жиҳатлар улкан хайрихоҳлик билан тасвирланади. Айни вақтда, асарда ҳар қандай оғир, машаққатли шароит ҳам чинакам одам тийнатидаги ўзак сифатларни ўзгартира олмаслиги акс этган.

Романда персонажларнинг табиати, руҳиятларининг экстремал ҳолатларидаги энг яширин, пинхоний жиҳатларигача теран ёритилади. Ушбу роман орқали Зулфия Қуролбой қизи миллий адабиётимиз тажрибасида қарор топган романий тартибларга қатъий амал қилмаганини кузатиш мумкин. Одатда, романда ҳаётдаги воқеаларнинг ижтимоий аҳамияти, қаҳрамон табиатини очишга хизмат қиладиган ўзига хос тасвирий воситалар талаб қилинади. Зулфия Қуролбой қизи эса воқеаларни муҳим-номуҳимга ажратмайди, қаҳрамонлари характерини жуда оддий, майда ва ҳатто, тубан маиший воқелик фонида кўрсатишдан ҳам тап тортмайди. Бу хил ёндашув, кўп ўринларда, образлар моҳиятини, уларнинг ички кечинмаларини очишда адибага қўл келган.

“Армон асираси” асарида аслида бош қаҳрамонга ҳар жиҳатдан мос келадиган образ йўқ. На асардан энг кўп жой олган Насиба, на умри фожиалар гирдобида ўтган Дониш, на прототипи муаллифнинг ўзи дейиш мумкин бўлган Ҳулкар Армон, на қисматга касдма-қасд яшаётган Беҳзод ва на ёвузлиги билан ҳамманинг кўнглига даҳшат солувчи Талгат нафақат ижтимоий ҳаётни ўзгартира олади, балки ўз тирикчилигини тузукроқ йўлга қўя олади. Уларнинг бирортаси ҳам қаҳрамон даражасига чиқолмаган оддий кишилар. Шунчаки кун кечириш яшаш бўлмаганидай, тирикчилик ўпқонига ютилган одам қаҳрамон бўлолмайди. Кўраётган кунидан юксак бўла туриб, ўзига муносиб кун кўришни эплолмаган одам ҳам қаҳрамон саналмайди.

Ҳозирги кўпчилик романларда яланғоч мафкурадан ташқарида туришга интилиш кўзга ташланади. Ёзувчи ҳам ҳеч кимни, ҳеч қандай ғояга даъват қилмайди, йўл кўрсатмайди. У олдингидагидай типик шароит ва умумлашма образларни эмас, исталган бир ҳолатдаги дуч келган майда ва қиёфасиз кимсаларни ҳам тасвир фокусига олаверади. Ижодкорлар ҳам турғун характерлардан кўра, ўзгарувчан руҳий ҳолатларни ифодалашга кўпроқ интилишади. Зеро, ҳозир ўзгаришлар тинимсизлигидан бошқа турғунлик йўқ.

Сўнгги пайтларда миллий романчиликда ожиз, кучсиз, азобларга маҳкум индивидларни тасвирлаш тамойили кучайиб бораётганлиги уларнинг китобийликдан қутулиб, ҳаётга яқинлашишига сабаб бўлмоқда. Чунки кеча бадиий эътибордан четда бўлган “кичкина одам”нинг кўнгил олами аслида бепоён экани англаб етилди. Инсоний тақдирларнинг эврилиши тарихи кўрсатмоқдаки, “катта” билан “кичкина” одам ўртасидаги оралиқ, кўпинча, бир қарич ҳам чиқмайди.

“Армон асираси” асарида фавқулотда ҳолатга тушган одамларнинг таранг руҳий ҳолатлари, шу аснода уларнинг табиатида рўй берган ҳиссий-маънавий эврилишлар маҳорат билан кўрсатиб берилади. Жумладан, асарда йўқчилик туфайли ўзбек аёлининг ўзидаги эзгу сифатлардан айрилиб бориш жараёни таъсирли акс эттирилган. Маънавият жуда юксак тушунча, лекин у ўзгармас ва турғун ҳодиса эмас. Одамдаги маънавий сифатлар ҳаётнинг ўзида, унинг таъсирида шаклланади, ўзгаради, юксалади. Романда тўғри йўлга қўйилмаган ҳаёт одамнинг нафақат моддий ҳолатига, балки маънавий-ахлоқий сифатларига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги маҳорат билан кўрсатилган.

Зулфия Қуролбой қизи тимсоллар моҳиятини ёрқин акс эттирадиган қирраларини яхши билади. Шунинг учун ҳам у қаҳрамони Насиба  руҳиятидаги эврилишни биргина овоз детали тўлиқ ифодалашга интилади. Романда соддагина Насиба ўзини муттасил кузатадиган, хатти-ҳаракатларини тафтиш қиладиган ўй кишиси сифатида гавдаланади. Насиба тимсолида адоқсиз машаққат, сўнгсиз азобларда ҳам эзгуликка умид, одамларга ишонч туйғусидан айрилмаган ўзбек аёли тасвирланади. Фақат оиласи тинчлиги, болалари соғлиғи, эрининг хотиржамлигини ўйлайдиган бу аёл дунё муаммоларини ҳал этишни даъво қилмайди, шоҳона ҳаётни орзу қилмайди, бор-йўғи ҳамма қатори яшашни истайди, холос. У қаҳрамон ҳам, донишманд ҳам, буюк ҳам эмас. Лекин у тириклик фақат азоблардан иборат эмаслигини билади, одамларга ишонади ва эзгу кунлар келишига чин дилдан умид қилади. Ана шу умиди уни улуғлайди. Зеро, шайтон ва унинг йўлидан кетаётганларгина умиддан маҳрумдирлар.

Асар бошида Насиба ҳар қандай ўзбек аёли сифатида эрига садоқатли, меҳрли инсон сифатида гавдаланади. Асарда Насибанинг ўй-хаёллари ва кечинмалари, воқеаларга бўлган руҳий ҳолатлари тўлиқ ёритилмайди. Воқеаларга бўлган муносабатини эътиборга оладиган бўлсак, Насиба характери ҳам тўлиқ очиб ташланмайди. Ёзувчи хулоса чиқариш ва унинг руҳий ҳолатини англаб етишни китобхоннинг ўзига қолдиради. Насиба яқинда уч хонали уйни икки хонали уйга алмаштириб қарзларини тўлаган, бироқ келажагини яратиш учун қўлида қолган пули етарли эмаслиги аёнлаша боради. Биз бу ҳолатларни Лола опа исмли аёлни Насибанинг уйига келиши ва ундан қарзини талаб қилиши орқали билиб оламиз. Насиба асар бошида ўз қарзларини тўлашга астойдил киришади. Ҳатто рўзғорини тебратиш учун эски кийимлар бозорига чиқиб савдо қилишга мажбур бўлади. Турмуш ўртоғи бор бўлса-да, бироқ Насиба унга суяна олмайди. Натижада унинг руҳиятида ўзгаришлар содир бўла бошлайди. Қачонлардир эрини дунёда ягона суянчиқ тоғ сифатида кўрган бўлса, аста-секинлик билан Донишга бўлган муносабати ўзгаради. Унинг ҳар доим ичиб келиши, рўзғор тебратиш учун қарзга ботиши, Насиба берган пулни ўғирлатдим дейиши Насибани буткул ўзгартиради. У бозорга чиқа бошлагандан сўнг эса Донишга умуман ишонмай қўяди. Уни қўлига пул беришни истамай қолади. Кейинчалик бу ишидан пушаймон бўлади ва қилган ишининг гуноҳи сифатида Талгат исмли бегона эркакни боқишга ўзини мажбур деб ҳисоблайди.

Ёзувчи Насибанинг руҳий ҳолатини чизишдан кўра хатти-ҳаракатлари орқали унинг руҳий ҳолатини бера бошлайди.

– Пулни… йўқотиб… қўйдингизми?…

Қорачиқлари кенгайиб кетган Насиба даҳшат ичида пичирлади.

  • Олдириб… қўйдим… – ерга қараганча минғирлади Дониш, хаёлида эса: “Чинданам куппа-кундузи тунаб кетди-ку, Жамшид!..” деган ўйни ўтказди.
  • Шўрим қурсин…

Юзи қордек оқарган аёл деворга беҳол суянди. Бир дақиқадан кейин пешонасида реза-реза тер томчилари пайдо бўлиб, лаблари атрофи кўкариб тез-тез, қисқа-қисқа нафас ола бошлади”(3, с. 55).

Ушбу парчадан кўриниб турибдики, Насиба охирги қолган пулларини Донишга берган, бироқ у ҳар сафаргидек хотинини алдайди. Бу Насибанинг сабр косасига охирги томчи бўлиб қуйилади ва бу ҳолатни бошқа кўтара олмайди. Шу сабаб унинг аҳволи ўзгаради. Ранги оқариб тез-тез нафас ола бошлайди. Ўзини ёмон ҳис этади. шу аҳволда ҳам Донишга ҳеч қандай сўз айтмайди. Тонгга яқин аҳволи бироз яхшиланади ва аёл ўз ишлари билан банд бўлади. Адиба аёлнинг аҳволини кўрсатиш учун мимикадан унумли фойдаланади. Ўқувчи эса ўз навбатида Насибанинг аҳволини кўз олдида жонлантира олади.

Авваллари асарлардаги адабий тимсоллар ўз номига мувофиқ тарзда бўларди. Яъни бадиий асарда тасвирланган персонаж кимларнингдир умумлаштирилган образи, қандайдир ижтимоий қатламнинг вакили саналарди. Эндиликда адабий образ фақат ўзининг тимсоли, фақат ўзининг вакили холос! Бадиий асарда одамни тўданинг вакили эмас, битта ва бетакрор шахс сифатида акс эттириш, унда бирор ижтимоий қатламга хос хусусиятни эмас, балки ёлғиз унгагина тегишли яхши-ёмон сифатларни тасвирлаш шу хил эстетик натижага олиб келади.

Бу жиҳатдан Дониш тимсоли жуда характерлидир. Уни тушуниш ва ёқлаш қанчалар қийин бўлса, қоралаш ва рад этиш ҳам шунчалар мушкул. Бу персонаж табиатини белгилашда ёзувчи позициясининг ноаниқлигидан эмас, балки асарда одам табиатидаги ўзгарувчанлик ва барқарорликнинг тўғри кўзда тутилганидандир. Гарчи, романда Донишнинг ўтмиши бир қадар ёрқин рангларда эсланса-да, аслида табиатидаги бетайинлик, ношудлик, қийинчиликларга бетоқатлик унинг ҳар бир хатти-ҳаракатида кўринади. Адиба шу тимсол орқали ўзгани ҳис қилмоқ ва тушунмоқ билан унинг учун биргина амалий қадам қўймоқ ўртасида чексиз масофа борлигини кўрсатади.

Дониш олий маълумоти бўлса-да, боши берк кўчага кириб қолишига сабабни воқеалар замирига англай бошлаймиз. Дониш қачонлардир муҳандис бўлиб ишлагани, бироқ заводнинг инқирозга учраши туфайли у ишини ташлашга мажбур бўлгани, ўғли Фарруҳнинг оёғи синиб шифохонага тушиб қолиши ва уни даволаш учун анча қарзга ботиши орқали билиб оламиз. Бундан ташқари унинг оғир аҳволда қолишига бузуқ машинани олиб кун кўриш учун ҳаракат қилишида ҳам кузатса бўлади. Дониш ҳар доим оғир аҳволга тушса ҳам ундан керакли хулоса чиқара олмайди. Натижада кундан кунга аҳволи оғирлашиб, ҳеч қандай ишга ярамайдиган, бир сўм пул тополмайдиган, агар  қўлига тушса пивохўрликка чопадиган одамга айланади.

Дониш охир-оқибат ўзининг ёлғонига ўзи ҳам ишона бошлайди. У Насибага бор ҳақиқатни айта олмайди. Бир ёлғон иккинчи ёлғонга етаклайди ва  фожиали ҳалок бўлади. Дониш руҳиятидаги ҳар бир ўзгаришни адиба мана шу фожиа томон етаклайди. Бошқа персонажларга қараганда Дониш характери ва унинг руҳияти тўлиқроқ очилади. Қисмат ва инсон муносабати ҳақидаги баҳс романнинг бошидан охиригача давом этади. Асардаги ҳар бир қаҳрамоннинг тақдири ўша муносабатларнинг бирор йўсинда намоён бўлишидир. Роман қисматни кутиб ётишини эмас, балки уни муносиброқ қилиш учун тинимсиз интилиш, қийинчиликлар оғушида тозариш кераклигига ўқувчини ишонтира олади.

“Армон асираси”да миллий романчиликка янгилик бўлиб қўшиладиган жиҳатлар анчагина. Зуҳра, Талгат, Насиба, Ҳулкар ва айниқса, Дониш образларни ўзбек адабиётидаги янгилик дейиш мумкин. Худди ҳаётдаги ва қисматдаги каби бу образларнинг тутумларини ҳам олдиндан башорат қилиб бўлмайди.

Зулфия Қуролбой қизининг романи ижтимоий роман эмас, чунки у қатламни эмас, шахсни тасвирлашни мақсад қилади. Одам алоҳида бир қадрият эмас, балки шунчаки ишлаб чиқарувчи ёки истеъмолчи даражасига тушган шароитда унинг қизиқишу интилишлари ҳам майдалашиб кетиши асарда таъсирли акс эттирилади. Адоқсиз инсоний дардлар ҳақида ёзилган мазкур асар ҳар бир ўқувчини ўз хатти-ҳаракатлари ҳақида ўйлашга ундайди.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР

  1. Жаҳон адиблари адабиёт ҳақида. –Т.: Маънавият, 2010. 127-бет.
  2. Йўлдошев Қ. Ёниқ сўз. -Т.: Янги аср авлоди, 2006 й. 130-131-бетлар.
  3. Қуролбой қизи З. Армон асираси. – Тошкент: Янги аср авлоди. 2009. – Б. 301.

Leave a Reply