Тажибаев Ғайратжон ШОВДОРОВИЧ

 Ғайратжон Шовдорович ТАЖИБАЕВ

катта илмий ходим-изланувчи

Наманган давлат университети

norin_1976@mail.ru

БОШЛАНҒИЧ СИНФ ЎҚУВЧИЛАРИНИНГ ИНГЛИЗ ТИЛИДА КОММУНИКАТИВ КОМПЕТЕНЦИЯЛАРИНИ ШАКЛЛАНТИРИШДА НУТҚ НАМУНАЛАРИНИ ЎҚИТИШНИНГ АҲАМИЯТИ

Мақолада бошланғич синф ўқувчилари томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат Таълим Стандарти ва Чет тилларни билишнинг Умумевропа халқаро стандарти А1 даражасидаги билим, малака ва кўникмаларни эгалланишига эришишда нутқ намуналарини ўқитишнинг аҳамияти ва афзалликлари ёритилган.

В статье освещены важность и преимущества обучения типовых выражений учеников начальных классов в достижении овладения Государственного образовательного стандарта Республики Узбекистан и уровня А1 Общеевропейской компетенции владения иностранным языком.

The article highlights the significance and advantages of teaching formulaic chunks in order to provide primary classroom learners’ foreign language acquisition in accordance with the State Education Standard of the Republic of Uzbekistan and the A1 level of the Common European Framework of Reference for languages.

Калит сўзлар: нутқ намунаси, фикр ифодаси, гапириш малака ва кўникмалари, чет тилни ўзлаштириш.

Ключевые слова: стандартные выражения, высказывание, умение и навыки говорения, овладение иностранным языком.

Key words: formulaic expression, utterance, speaking skill and proficiency, foreign language acquisition.

Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов бугунги кун ёшлари ҳақида уларнинг порлоқ истиқболи ҳақида ҳар доим ҳар сафар тўлқинланиб гапирадилар. Жумладан уларнинг “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги ё`лида хизмат қилиш – энг оилй саодатдир” номли ниҳоятда муҳим аҳамиятга молик китобида ҳам шундай сатрларни учратиш мумкин: Фараз қилинг, мана шу 24 йилда туғилиб вояга етганлар эски замонни билмайди. Уларнинг ҳаммаси, айтайлик, хозирги кунда компьютерда ишлаш бўладими, инглиз тилини ўрганиш бўладими, чет мамлакатлардаги ўз тенгдошлари билан беллашиш бўладими, спорт, илм-фан, маданият сохаларида ўзларини шундай кўрсатяптики, буларнинг барчасини кўрганда, одам беихтиёр ғурурланиб кетади. Шахсан менга шундай пайтда бамисоли қаддим анча ўсгандек бўлади. Керак бўлса, девор ёнига бориб, қанчалик ўсганимни ўлчаб кўришга ҳам тайёрман. Балки кимгадир кулгули кўринади, лекин биласизми, хақиқатан ҳам одам шуни хис қилади. Бундай ишларда менинг ҳам мехнатим, хиссам бор, деган хиссиёт одамнинг кўнглини ҳам, қаддини ҳам кўтаради (1, 239-240).

Юртбошимиз ёшларимиз ҳақида гапирганда албатта чет тилларни ўрганиш/ўргатиш масаласига алоҳида тўҳталадилар. Айниқса, … ўзбек боласига чет тилларнинг ажиб дунёсига бемалол кириши учун имкониятларни тўлиқ очиб бериш (2, 9) масаласига жиддий эътабор қаратилади. Бу эса соҳа мутахасислари зиммасига чет тил ўзлаштирилишини таъминлаш учун замонавий таълим воситалари ва самарадор технологияларини яратиш вазифасини қўяди. Ўзбекистон Республикаси президентинигн 2012 йил 10-декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ-1875-сон қарори ва бошқа меъёрий ҳамда қонун ҳужжатларига асосан Давлат Таълим Стандарти ишлаб чиқилди. Давлат Таълим Стандартида бошланғич синф ўқувчилари (4-синф битирувчилари) чет тилни Умумевропа халқаро станарти — CEFR (Common European Framework of Reference)нинг босланғич А-1 даражасида билим, малака ва кўникмаларга эга бўлишлари лозимлиги дастурий талаблар сифатида белгиланган. Ушбу даражага хорижий адабиётларда қуйидагича таъриф берилган: ўқувчилар содда диалогларда иштирок эта олишади, ўзлари ва яқин инсонларига таалуқли (ёши, яшаш манзили, касби, ёқтирган нарсалари) шахсий характердаги саволларга жавоб бера олишади ва шундай мазмундаги саволлар билан мурожаат эта олишади; ўзлари учун таниш ва қизиқарли мавзулардаги содда суҳбатларда иштирок эта олишади; нутқ мавзулари доирасида ўзлаштирилган кам миқдордаги лексик, грамматик, талаффузга оид тил материали ёрдамида ўз эхтиёжлари ва қизиқишларига мос мавзуларда коммуникатив топшириқларни бажара олишади (6, 105). Шунингдек, ўқувчилар саломлашиш, ўзини таништириш, миннатдорчилик билдириш, илтимос қилиш, узр сўраш, табриклаш, таклиф этиш, кундалик нутқ вазиятларидаги содда мулоқот моделларини коммуникатив мақсадларда қўллай олиш малака кўникмаларига эга бўлишлари лозим. Коммуникатив компетенция лингвистик, социолингвистик ва прагматик компетенциялардан иборат бўлиб у “мулоқотни қачон ва қай тарзда бошлашни, маълум нутқ вазиятларига қайси мавзулар мос келишини, кимга ва қандай вазиятларда мурожаат қилишнинг мақбул шакилларидан фойдаланишни, саломлашиш, хушомад қилиш, мақташ, узр сўраш, таклиф қилиш каби нутқ ҳаракатларини бажариш, талқин қилиш ва уларга мос жавоб қайтаришни билиш” малака ва кўникмаларини ўз ичига олади (12, 145). ДТСда ҳам А1 даража учун саломлашиш, ўзини таништириш, миннатдорчилик билдириш, илтимос қилиш, маълумот олиш ва бериш, узр сўраш, табриклаш, таклиф этиш ва таклифни қабул қилиш / рад этишни билиш ва қўллай олиш каби малака талаблар белгиланган. Бошланғич синф ўқувчиларининг ушбу малака талаблари даражасидаги кўрсаткичга эга бўлишларини таъминлаш учун қанча ва қандай лексик бирликлар ва турғун бирикмалар ўқитилиши лозимлигини аниқлашга тўғри келади. Сабаби, белгиланган талаб даражасидаги билимга эга бўлиш учун ўқувчи ўзлаштириши лозим бўлган тил материали(актив ва пассив лексик минимум)ни, яъни ўқувчиларнинг ёшга оид психологик ва физиологик хусусиятларига мос ратционни аниқлаб олиш муҳим аҳамиятга эга. Яъни юқоридаги мақсадга эришиш учун бошланғич синф ўқувчиларига нимани ўқитишни аниқлаб олиш зарур бўлади.

Соҳага оид хорижий журналлар ва интернет сайтларидаги мақолаларда formulaic chunks, prefabricated sentences, formulaic expressions, lexical chunks, formulaic sequences, fixed expressions, lexical chunks, formulas, formulaic utterances, frame structures, lexical items, lexicalized sentence stems, memorized sentences, speech patterns, prefabricated chunks, prefabricated or ready-made language, routines, speech formulas, unanalyzed language, каби атамаларга тез-тез мурожаат этилаётганлигини кузатиш мумкин. Муаллифлар турлича атамалардан фойдаланишсада “Help yourself!”, “Anybody home?”, “Hurry up!” каби стандарт нутқий ифодаларни назарда тутишади ва уларга қуйдагича таъриф берилади:

Formulaic expressions are fixed strings or chunks of words that have a range of functions and uses in speech production and communication and seem to be cognitively stored and retrieved by speakers as if they were single words (13, 463-489).

Ўзбек тилидаги адабиётларда ҳам базавий ёки ядро гаплар, нутқ намуналари, луқма, тайёр реплика, нутқий ифода, намунавий нутқ бирлиги, қолипга солинган нутқ бирликлари, нутқ бўлаги, жумла, ибора, турғун бирикма, ўзгармас лексик бирлик, қолип гап, типовой жумла каби атамлар учрайди. Уларга кундалик ижтимоий муносабатлардаги стандарт нутқ вазиятларида мулоқот иштирокчилари томонидан қўлланиш эҳтимоллиги юқори бўлган, намуна бўлиш имкониятари кенг бўлган, маълум мазмунни ифодалаш мақсадида ўзаро боғланган бир неча сўзлар бирикмаси, маъно ифодаловчи сўзлар йиғиндиси деган таърифни беришимиз мумкин. Нутқ намуналарини а) бир неча сўздан иборат ўзгармас гап (Anybody home?), б) нутқ вазиятига қараб ўзгарувчан (Pass me ……,) кириш сўз вазифасида келувчи бирикмалар (As for me….., To my mind …..), д) сўз гап (“Yes.”, “No.”, “Well”, “OK.”, “Really!”, “Ready?” “Remember?”) каби турларга ажратиш мумкин. Инглиз тилида фразеологик бирликлар, мақоллар, шиорлар, афоризмлар (ибратли панд-насиҳатлар) ҳам нутқ намуналари қаторига киритилади. Нутқ намуналарини ёдлаш ва улардан турли нутқ вазиятларида автоматизим даражасида спонтан фойдаланиш кўникмаларини ҳосил қилиш орқали чет тилни мулоқот воситаси сифатида ўзлаштириш мумкинлигини исботлаш мақсадида тажрибалар олиб борилмоқда. Ўқувчиларнинг коммуникатив компетентлигини шаклантиришда нутқ намуналарини ўқитиш масаласига турлича ёндашилади. Асосий ўрганилаётган чет тил ўқитиш методикасида диалог нутқни ўргатишнинг икки йўли мавжуд: дедуктив (умумийдан хусусийга йўналган) ва индуктив (хусусийдан умумийга). Лекин дедуксияда, яъни жуфтнутқнинг яхлит намунасига суяниб иш кўрилганида ўқувчи тил материалини мустақил қўллашага ўрганмайди, ғайришурий равишда ёдлаш ва эркин нутқ юритмаслик кўчасига кириб қолади (3, 246), деган фикрлар ҳам учраб туради. Чет тил таълимида оғзаки нутқни ўргатишда оғзаки диаолг нутқни ўқитишнинг хос мураккабликларини ҳисобга олиб оғзаки монолог нутқдан бошлаш лозимлиги қатий туриб уқтириб келинган (5, 117-118). Буни сабаби эса “осондан қийинга” деган дидактик тамойилга зид деб асосланади. Лекин бугуннинг талаби чет тилларни мулоқот воситаси сифатида эгалланишини таъминлашдир. Шу сабабли ҳам бизнинг фикримизча бошланғич синф ўқувчилари учун чет тил фанидан лексик материалини танлашда алоҳида сўзларга эмас балки тайёр гапларга кўпроқ аҳамият қаратиш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Яъни, лексик тил матреиали дастлаб бутунича тақдим этилади ва у кейинчалик бўлакларга ажратилади. Она тилида нутқ ривожланиш босқичларида ҳам дастлаб бола алоҳида сўзларни эмас балки ота-онасидан ёки атрофидаги яқинларидан қабул қилган нутқ намуналарига тақлид қилади. Кичик ёшдаги ўрганувчилар ҳам чет тил материалини худди шундай қабул қилишади. Бу фикрни Крашеннинг (10, 36) «монитор модел»и ҳам тасдиқлайди. Унинг фикрича кичик ёшдаги чет тил ўрганувчилар тил шаклига онгсиз ёндошадилар. Яъни гапдаги сўзларнинг жойлашишига эътибор бермай уларни бир бутун гап холида ёдлаб олишади. Шу тариқа стандарт вазиятларда такрорланиш частотаси ва намуна бўлиш эҳтимоллиги юқори бўлган жумла, ибора, гап шаклидаги тайёр ёки ярим тайёр нутқ намуларининг бой репертуари соҳиби бўлган тил ўрганувчи суҳбат жараёнида ўзини эркин мулоқот қила олишнинг юқори даражасидаги малакага эга эканлигини кўрсата олади. Яъни, улар грамматик “маждбуриятларни” бажариш зарурати ва минглаб сўзлар орасидан энг мақбул лексик бирликни танлаш мақсадида мияда мураккаб амалларни бажаришдан чўчимай, асабийлашмай ва иккиланмай хотираларидаги тайёр нутқ намуналирдан фойдаланиб мулоқот қилишлари мумкин бўлади. Шундай қилиб, нутқ намуналарини ўргатиш ўқувчларни дадиллаштириб уларда ўзига ишончни ортиради, деган фикрга қўшилиш мумкин. Бундан ташқари, тадқиқотлардан маълумки ҳаттоки инглиз тил соҳиблари (инглиз тилида маҳаллий сўзлашувчилар) ҳам маълум маънони ифодалаш учун ҳар хил сўзлар иштирокида янги гап тузиб ўтирмасдан, хотираларидаги аввалдан тайёр нутқ намуналридан фойдаланишни афзал кўришар экан (13). Мисол учун, Спеарс ва муаллифлар жамоаси томонидан нашрга тайёрланган “ Dictionary of Everyday American English Expressions (11)” луғатига 7000 та нутқ намунаси киритилган бўлса, Бенсон бошчилигидаги муаллифлар гурухи томонидан нашр эттирилган “ The BBI Dictionary of English Word Combinations (8)” луғатига инглиз тил соҳиблари томонидан истефода этиладиган 90 000 та нутқ намуналари киритилган. Нутқ ривожланиш филогенези ва онтогенези соҳасида ўтказилган тадқиқотларда болалар нутқ шаклланишининг дастлабки босқичида катталардан эшитган нутқ намуналарига тақлид қилишлари аниқланган (4). Бошланғич синф ўқувчилари чет тилни ўзлаштириш жараёнида ҳам айнан шу босқични такрорлайдилар. Яъни, улар ўзлари тез-тез эшитиб турадиган нутқ намуналарини сўзма-сўз ёдлаб олишга мойил бўлишади (7, 101-111). Биринчи ва иккинчи синф ўқувчилари тил материалининг ички боғланишларига аҳамият бермай, маъносига тушунмай, мантиқий таҳлил қилмай, ёдаки ўзлаштирадилар. Бунинг сабабларини психологлар қуйидагича тушунтирадилар: биринчидан уларнинг механик хотираси бошқа хотира турларига қараганда дурустроқ ривожлангани маълумотларни айнан ўзгаришсиз эслаб қолиш имконини яратади; иккинчидан, ўқувчилар ўқитувчи қўйган вазифани англаб етмайдилар, натижада унинг “тўғри тушунтириб бер” деган талабини сўзма-сўз такрорлаш деб биладилар; учинчидан, уларга хос бўлган нисбатан кам сўз бойлиги (илмий атамалар ва тил қонуниятларини билмаслиги) материални ижодий тўлдириш, унга қўшимча қилиш имкониятини йўққа чиқаради ва уни сўзма-сўз қайтаришни осонлаштиради; тўртинчидан, ўқувчилар матнни тўғри усуллар ёрдамида эслаб қолишни билмайдилар. Таниқли олим, Окланд (Auckland) Университети профессори Род Эллис чет тил таълимининг асосий 10 та тамойилларини ишлаб чиққан ва бринчи тамойил сифатида машғулотлар ўқувчиларда нутқ намуналарининг бой репертуарини шакилланиши зарурлиги белгиланади (9, 2). Унинг фикрича чет тил ўқитишнинг дастлабки босқичида нутқ намуналарини ўқитишга устивор аҳамият қаратиш мақсадга муфоқдир, сўзларни нутқ намуналари таркибида ўзлаштирилиши ва улардан коммуникатив мақсадларда фойдаланилиши чет тил таълимида юқори самара бериши мумкин.

Ҳулоса сифатида бошланғич синф ўқувчиларининг коммуникатив компетентлигини шакиллантиришга дедуктив ёндашувни, яъни уларнинг лескик заҳирасида стандарт нутқ намуналарининг улушини кўпроқ бўлишига эришиш зарурлигини таъкидламоқчимиз. Стандарт нутқ намуналарини ёд олиниши ва улардан нутқ вазиятларида мақсадли қўллашни машқ қилиниши ўқувчиларнинг коммуникатив компетентлигини шакиллинтиришда мухим рол ўйнайди. Бунинг учун ўқитувчига турли нутқ вазиятларида қўлланиладиган стандарт нутқ намуналари базасини шакиллантириш ва амалий машғулотларда улардан кенг фойдаланишни тавсия этамиз. Бошланғич синф ўқувчилари учун тил материали сифатида кам миқдордаги сўзлардан иборат бўлган, эслаб қолиш ва талаффуз қилишга осон ҳамда кундалик мулоқотда зарур бўладиган, такрорланиш частотаси юқори бўлган нутқ намуналари (м, Hi! Hello! Yes. No. Please. Sorry! OK. After you. Anybody home? Thanks.) саралаб олиниши лозим. Стандарт нутқ намуналарининг ўзлаштирилиши ўқувчилар томонидан йўл қўйиладиган лексик, грамматик, семантик ва прагматик хатоларни камайишига, чет тилни табиий ва психологик зўриқишларсиз ўзлаштирилишига, тил ўрганувчиларда рағбат (мотивация) ва ўзига ишончни ошишига сабаб бўлади.

Юқоридаги ҳуслога асосланиб бошланғич синф ўқувчилари учун ўқув дастури, дарслик ва ўқув-услубий қўлланмалар яратишда нутқ намуналарини ўзлаштирлилишига аҳамият берилишини тавсия этамиз. Нутқ намуналарини ўзлаштирилишининг оптимал вазиятларини яратишнинг замонавий технологияларни ишлаб чиқиш эса соҳаданинг янада ривожланишига муносиб ҳисса бўлади.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР 

  1. Каримов И.А. Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг оилй саодатдир. – Т.: Ўзбекистон, 2015. — 239-240 б.
  2. Каримов И.А. Баркамол авлод – Ўзбекистон тараққиётининг пойдевори. – Т.: Шарқ, 1998. – 9 б.
  3. Жалолов Ж.Ж. Чет тил ўқитиш методикаси. – Т.: Ўқитувчи, 2012. — 246 б.
  4. Лисина М.И. Формирование личности ребенка в общении. – Питер, СПб., — 2009.
  5. Миралюбов А.А., Рахманов И.В., Сетлин Б.С. Ўрта мактабда чет тиллар ўқитиш методикаси. — Т.: Ўқитувчи, 1974. – 117-118 б.
  6. Common European Framework of Reference for languages: Learning, Teaching, Assessment // Общеевропейские компетенции владения иностранным языком: Изучение, обучение, оценка. Русский перевод Московский государственный лингвистический университет, 2005.
  7. Немов Р.С. Психология В трех книгах 4-е издание Книга 1 Общие основы психологии. – М.: Владос, 2003. – с.110-111

Добавить комментарий