Давронова Шоҳсанам ҒАЙБУЛЛАЕВНА

Davronova Shoxsanam 

Шоҳсанам Ғайбуллоевна ДАВРОНОВА

 ф.ф.н., катта илмий ходим-изланувчи

Бухоро давлат университети

davronovash@mail.ru

ХАЙРИДДИН БЕГМАТОВНИНГ “ДЕВОНА МАШРАБ” РОМАНИДА АНЪАНА ВА БАДИИЙ ТАЛҚИН

Мақолада Хайриддин Бегматовнинг “Девона Машраб” романи адабий анъана ва ижодий янгилик муаммолари доирасида илмий-назарий жиҳатдан таҳлилга тортилган. Шунингдек, ижодкорнинг индивидуал маҳорати, асарнинг бадиий қиммати ва поэтик кўлами тўғрисида муайян хулосалар баён қилинган.

В статье анализируется роман “Девона Машраб” Хайриддина Бегматова с позиций литературной традиции и творческого новаторства. Делается вывод об индивидуальном мастерстве автора, художественной ценности и поэтичности произведения.

The searcher has analizet by the scientific and teoriricaly sides the problems of the literary traditions and thecreative novelty in the novel “Devona Mashrab” of Kxayriddin Begmatov. As suchthe author gives an account of her conclusions about the individual profisiensy of the creator, the artistic value and the poetic degree of the creative work.

Калит сўзлар: роман, адабий анъана, ижодий янгилик, бадиий концепция, бадиий образ, Ойбекнинг “Машраб” шеъри, Абдулла Қодирий ижоди таъсири, Хайриддин Бегматовнинг “Девона Машраб” романи.

 Ключевые слова: роман, литературная традиция, творческий новаторство, художественный концепция, художественный образ, стихотворение «Машраб» Ойбека, влияние творчество Абдулла Кодирия, роман «Девона Машраб» Хайриддина Бегматова.

 Key words: the novel, literary tradition, creative novelty, artistic conception, artistic imagi, the poem “Mashrab” by Oybek, of effect the creative Abdulla Kodiri, the novel “Devona Mashrab” by Xayriddin Begmatov.

Кейинги йиллар ўзбек адабиётида ғарб бадиий санъат намуналарининг таъсири ўлароқ модернистик йўналишларда яратилган асарлар кўпайиб бораётган бўлса-да, анъанавий услубда ижод қилинган поэтик дурдоналарни ҳам эътироф этмасликнинг иложи йўқ. Бундай асарлар сирасига айниқса тарихий мавзуда яратилган романларни мансуб деб кўрсатиш мумкин. “Истаган давримизга мансуб истаган асарингизни ўқиб мушоҳада юритиб кўринг. Агар унинг муаллифи ўз замонасининг асл фарзанди бўлса, ҳаётни реал акс эттиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган бўлса, бу хилдаги асарларда доим икки қутб бир-бирга зид бўлади, Оқ билан қора, яхши билан ёмон доимо тўқнаш келади ё енгади, ё енгилади. Енгдими енгиладими, ҳар хил ҳақиқий реалист ёзувчи севилишни ёқлайди, унинг бор фазилатларини алоҳида муҳаббат билан улуғлайди, унга нисбатан ўзида чексиз ифтихор ҳиссини китобхонга етказмоқчи бўлади. Реалистик асарда бошқача бўлиши мумкин эмас. Мужмал поэзиядан туриб, ёхуд гуманизмга ёт нуқтаи назардан ёзилган асар реалликка тўғри қарайдиган китобхонни мафтун қила олмайди”. [5.107] Ушбу ҳақиқатни назарда тутиб айтганда, истиқлол даври ўзбек адабиётида янгича мавзу, ғоя ва муаммолар реалистик насрнинг мавжуд анъаналари йўлидан ривожланиш босқичларини такомиллаштириб борди. Айниқса, илм-маърифат пешволари образлари бадиий жонлантирилган намуналар ахлоқий-таълимий жиҳатдан юксак қимматга эгалиги билан диққатга сазовордир. Айни қарашлар Мақсуд Қориевнинг “Ибн Сино”, Саъдулла Сиёевнинг “Яссавийнинг сўнгги сафари”, Хайриддин Бегматовнинг “Девона Машраб” каби романлари учун хос эканлигини эътироф этиш мумкин.

Ёзувчи Хайриддин Бегматовнинг “Девона Машраб” романида оташнафас шоир Бобораҳим Валибобо ўғли Машрабнинг ҳаёт йўли, фаолияти, саргузаштлари ҳақида ҳикоя қилинади.

Маълумки, адиб Машраб тимсолини биринчи бор адабиёт саҳифаларига олиб кирган эмас. Ижодкор ўзбек адабиётида бадиий қиёфаси бир неча бор яратилган (Ойбек, Миркарим Осим, Ҳамид Ғулом, Шуҳрат) Машраб образини ўзига хос, такрорланмас тарзда яратди.  Гарчи унинг тимсоли, хатти-ҳаракатлари, характери халқ афсона ва ривоятларида ғайритабиийликка тўла тарзда талқин этиб келинган бўлса-да, ёзувчи фольклор намуналаридан ижодий ўрганган, унумли фойдаланган ҳолда, бадиий кашфиётлар қилишга интилди, қаландар шоир образини чизишда реалистик бўёқларни қуюқ ишлатди, унинг фожеий қисматини ўзига хос юксак бадиий маҳорат билан акс эттиришга эришди.

Адиб романини биргина Ойбек асари, яъни “Машраб” шеъри билан ёнма ён кўриб чиқадиган бўлсак, оташқалб шоирнинг ташқи кўриниши, шахсияти тўғрисидаги тасаввурлар янада кенгайиши мумкин.

Энг аввало, шоирнинг портрети тасвири диққатни тортади. Ойбек уни “Сочлари потила кўзлари махмур”, “Кулоҳдан тошарди жингалак сочи” тарзида тасвирласа, Хайриддин Бегматов романининг бир неча ўринларида — ёшлигидан то ёруғ дунёни тарк этган пайтдаги ҳолатига қадар шоир портрети чизиб берилади. Яна шуниси эътиборни тортадики, Ойбек ҳам Хайриддин Бегматов ҳам шоирнинг кўзларини тасаввур қилишга ҳаракат қилганлигига гувоҳ бўламиз. Ижодкорлар хассос кўнгил эгасининг кўзлари унинг беғубор қалб ойнасининг шаффоф намойиши бўлиши мумкинлиги ҳақидаги мантиқдан келиб чиққан ҳолда ёндашишган бўлишса, эҳтимол. Ойбек “Кўзларда сачрайди қора кучли нур” ёки:

“Осмонни бир томчи мовий ёш каби

Эритар кўзларнинг жонли оташи” [3.285],

деса, Хайриддин Бегматов Машраб кўзларидаги тийракликни “Шоирнинг порлаб оташ сочган кўзлари-ю, жингалак патила сочлари қалбидаги қаландарвор жунундан дарак берар, меҳмон, чамаси, бу қаландардан савти муножот эшитмоқни истар эди” [1.124], жумласида айниқса, ёрқинроқ ифода этишга эришган.

Шоирнинг бойликка ҳавас қилмаганлиги, моддий юксакликдан маънавий камолотни аъло билиши фазилати ҳам “Машраб” шеърида ўз ифодасини топади:

Олтин танга тутар қандайдир бир зот,

Пичинг ила кулиб, отар шоир бот.

Танга аллақайда жаранглар тошда,

Бундай шираларга қўнади пашша!..

Усиз сеҳрлидир, рангиндир ҳаёт [3.285].

Хайриддин Бегматов асаридаги кўплаб эпизодларда ҳам Машрабнинг молу давлатга беписандлик билан қараши ва пок қалб, самимият, ҳалол меҳнатни инсонлик мартабасининг асоси деб билиши бадиий ифода этилган. Яъни асардаги талқинга кўра шоир қаерда сафарда, мусофирчиликда бўлмасин, мартабали инсонларнинг таклифларини қабул қилмайди. Балки такяларда, ғариб бўлса-да, ўзига маслакдош инсонлар даврасида кун кечиради. Ҳатто бир сафар мутасаввуф ижодкорлардан бири Сўфи Оллоёр марҳаматига миннатдорчилик изҳор қилса-да, рад этган шоир бир қанча муддат серфарзанд ва ўртаҳол турмуш кечирадиган тарихчи Низомиддиннинг хонадонида яшаб юради, унинг деҳқончилик ишларига ёрдам беради. Асарнинг бошқа ўрнида Бухородаги Ҳазрат Баҳоуддин зиёратгоҳида олдига “жарақлаб тушаётган тангалар”ни кўрган қаландар шоир “Бизга садақа даркор эрмас!” дейди “қўлларини баланд кўтариб” [1.239].

Шоирнинг узоқ йиллар битта тўнни кийиб қаноат ва ғарибликда кун кечирганлиги Ойбек томонидан “Ташир ҳам қиш, ҳам ёз бир қўсқи пўстин (Унда қолмагандир ямоқсиз ўрин)” [3.285] деб таъкидланса, ёзувчи Хайриддин Бегматов ушбу ҳолатни Машраб тилидан юқори пафосда ифода этишга эришади. Шоир Офоқхўжа хонадонини тарк этишни ихтиёр этар экан, унинг хизматида бўлган кунлари, эришган ва йўқотганлари ҳақида баралла айтади. Айниқса, унинг Офоқхўжага қарата: “Қани ул марҳамат, ҳазратим? Етти йилдирки, – кийимига ишора этиб деди Машраб, – бул битта ишдон икки бўлмайдур!”[1.158]. Айни ўринда яна бир ҳақиқатга диққат қилиб ўтиш мумкин. Ёзувчи Ойбек ижодиётига хос шундай хусусият мавжудки, ижодкор “Тасвирда асосий урғуни ижтимоий конфликтни очишга йўналтириб, қаҳрамон тақдири мисолида халқ тақдирини кўрсатишга интилади”. [2.109] Хайриддин Бегматов романидаги ушбу эпизод ҳам Машраб яшаб ўтган даврдаги ҳалол меҳнат ва тўғриликка амал қилиб  турмуш кечирувчи оддий халқ, ҳаттоки зиёли шахс аҳволи тўғрисида тасаввур уйғотади. “Салладор палидлар то омон эркан, Кошғар осмонига эрк қуёшидин офтоб тегмагай”[1.200], дейди илму амали мутаносиб бўлмаганлар кимсалар қилмишларидан ўкинган Машраб дўсти Пирмат Сеторийга.

Роман воқеаларига кўра жамиятдан рўшнолик кўрмаган бўлса-да, шоир келажакка умид ва ишонч билан қарайди. Синглисининг фарзандини билим олишга тарғиб этган Машраб биринчи бор маърифат излаб отаси уйидан чиқиб кетган бўлса, иккинчи бор уни тарк этишга мажбур бўлади. Машрабнинг каттагина қисми дарбадарликда ўтган ҳаёти ёзувчи томонидан ана шундай ижтимоий-маиший асослар билан далилланиб борилади ва бу асарнинг ишонарлилик ва қизиқарлилик қимматини кучайтиради.

“Тақир тошларда у кўрарди чаман” мисрасини Машрабнинг табиатга, борилиққа ошуфта кўнгил майлларини Ойбекнинг бадиий жонлантириш мақсадидан келиб чиққан ҳолда ҳам ёки гуманист шоирнинг оддий халқ ичига нақадар интилишини, унинг буюклиги ва самимиятини рамзий ифодалаш борасидаги ижодкор маҳорати сифатида ҳам баҳолаш мумкин. Ёзувчи Хайриддин Бегматов эса унинг оддийликка, ночор аҳволда бўлса-да, ҳиммати, қадри баланд халққа интилишини роман воқеалари мағзига сингдириб боради.

Ойбек Машрабнинг мустаҳкам ирода ва бетимсол истеъдод эгаси эканлигини, унинг санъатга бўлган иштиёқи, меҳрини “Илҳоми ва сози ёлғиз ҳамдами” мисрасида ифода этган бўлса, Хайриддин Бегматов шоирга хос бундай фазилатни унинг ўз тилидан иқрор қилади: “Менинг қавмим бори элдур. Менинг саждагоҳим – инсон қалби, дасторим –кулоҳ, жойнамозим – хирқа, тасбеҳи донаи омодам эрса созимдур!” [1.262].

Ойбек шоирни халқ ниҳоятда ҳурмат қилиши, унинг улуғлигига иймон келтириши ҳақидаги ҳақиқатни қуйидаги сатрлар мазмунига жо этади:

Оёғи босмасдан шаҳар қопқасин,

Хабари тўлқиндек тарқарди, локин

Маҳалла, чойхона, такя ва гузар.

Минутни соат деб йўлга кўз тутар…

Кўрмаган чизарди шоир сиймосин [3.285].

“Девона Машраб” романининг аксарият ўринларида эса исёнкор ва инсонпарвар шоир халқнинг буюклиги ва яратувчанлигини эътироф этган, улуғлаган кўринишда намоён бўлади: шоирни тавоф этиш учун эгилмоқчи бўлган йигит, оёққа турган халқ ҳамда қўлини кўксига қўйиб“– Авлиё Машраб овозаси оламни тутибду, гарди покингизи кўзлере сурма қила сурса арзиюр!” деган кекса деҳқонга: “– Йўқ, ҳазратим! – дея чолга жавобан қўлини кўксига қўйиб, таъзим эта хитоб қилди Машраб. – Халқи олам сиғинса, сиз меҳнат аҳлига сиғинмоғи жоиз эрур, илло бизнинг мазҳабда юкунмак йўқдур!” Шоирнинг халқ томонидан эъзозланиши романнинг жуда кўп эпизодларида, айниқса, унинг қатл этилиши воқеаси акс этган лавҳаларида драматик кўриниш касб этган. Бу қайғули воқеадан “Халойиқ “оҳ” дея гувраниб кетди: дод-фарёд, йиғи-сиғи бошланди” [1.270]. Юртнинг севикли шоири, эл қалбининг хассос куйчиси фожиаси барчанинг юрагини тирнагани, золим хонга ўлим тилаганлар ва унинг ғазабига дучор бўлганларнинг саросималик вазиятлари асарда кучли трагик ҳолатда акс эттириб берилади.

Ойбек шеърида “Асрлар кўрмаган ажиб девона”[3.286] деб таърифланган шоир номига ҳамиша ёнма-ён айтиладиган девона сифатини Ҳайриддин Бегматов ўз романининг сарлавҳасига чиқаришидан ташқари, яна жуда кўп ўринларида изоҳлаб боради.

Шоирнинг маърифатпарвар ва ҳақгўй қарашлари ҳаётини пароканда қилибгина қўймай, уни кўпчилик олдида девона номига эга қилади. Бироқ омма орасида, айниқса, Маймоқ сўфига ўхшаган зоҳирбинлар томонидан салбий маънода тушунилган девона сифатининг моҳияти хос кишилар даврасида илоҳий ишққа мойиллик, ҳақ йўлида девоналик маъносида талқин қилиниб, Бозор Охунд тарафидан ҳам, Офоқхўжа тилидан ҳам эътироф этилади. “Девона орифдур, сўфим! Девоналик ишқи илоҳий йўлинда ўзлигидин кечмиш ошиқ бандаларнинг исмидур!” [1.57], дейди Мулла Бозор Охунд. “–Сўфи Оллоёр илми мадрасада олимлар ўқийдургон илмдур. Машраби девона илми эрса илми асрордурким, гоҳ-гоҳ муяссар бўлур! Ул илм оламға ва одамға сиғмас!” [1.209], тан олади Офоқхўжа. “Сўфи Оллоёр тариқи забти ақл эрса, – деб давом этди Гумном, – Машраби мажзуб тариқлари забти дил эрур! Оина каби пок диллар ул манзилда тажалли этмай тура олмаслар!” [1.209].

Хуллас, истедодли шоир Ойбекнинг “Машраб” шеъри каби Хайриддин Бегматовнинг “Девона Машраб” романида ҳам Бобораҳим Машраб сиймоси, характери, армон ва изтироблари теран аксини топди.

Роман сюжетига Бобораҳим Машрабнинг болалик йилларидан то умрининг охиригача бўлган давр воқеалари қамраб олинган.

Асар воқеалари учта катта бўлимга ажратилган ҳолда ҳикоя қилинади. Биринчи қисм Машрабнинг болалиги, оиласи, Мулла Бозор Охунд ҳузурида олган таҳсиллари билан боғлиқ ҳодисаларга бағишланган бўлса, иккинчи бобда шоирнинг Қошғарга сафари, Офоқхўжа хонадонида бошидан кечирганлари ҳақида сўз боради. Учинчи бўлим асосини эса Машрабнинг саргардонликда кечирган умрининг сўнги даври, яъни қаландарлик кечмишлари билан алоқадор воқелик ташкил қилади.

Тарихий ва бадиий манбаларда келтирилган ҳақиқатларга мувофиқ равишда асарда Машраб характери болалигидан бошлаб ўзгача, бошқалардан фарқ қиладиган, чўрткесар, тўғрисўз ва бироз ғайриоддий бўлиб шакллана бошлайди ҳамда шунинг билан атрофидагилар, ҳаттоки, ота-онаси, устозини ҳайратда қолдиради.

Ўзи туғилган жой – Наманган, яқинлари, ҳаттоки устози Мулла Бозор Охунд билан фикри келишмаган Машраб юртидан чиқиб Қошғарга кетади. Қолаверса, ўша пайтларда таълим масканлари, айниқса, Офоқхўжа сабоқларидан баҳраманд бўлишга интилиш  иштиёқи сабаб Қошғар шоирни муттасил ўзига тортиб келар эди.

Хуллас, Машрабнинг отаси Валибобо, онаси биби Салима, синглиси Гулзебо, садоқатли дўсти Пирмат Сеторий, устозлари Мулла Бозор Охунд, Офоқхўжа, ижодкор яшаган даврнинг машҳур вакилларидан сўфий шоир Сўфи Оллоёр, уни ўлимга ҳукм қилган хон Маҳмуд қатағон, каби қатор тарихий шахслар шоир яшаган даврнинг типик характерлари сифатида намоён бўлади. Машрабнинг улар билан мулоқоти, уларнинг шоир маънавий оламида, тақдир чизиғидаги бурилишларда нечоғли ўрин тутганлиги реал манзараларда чизиб берилади. Шунингдек, роман қаҳрамонининг қай нуқтада бўлмасин, адолат, ҳақиқат, инсоф, диёнат, жамики баркамол фазилатлар тарафида турганлиги ҳам мантиқий, ҳам психологик асослаб берилади.

Машраб характерини яратишда ижодкорнинг ўзига хос маҳоратини исталган бир эпизодда кузатиш мумкин. Машраб дунё молига, юқори табақа вакилларининг лутфи эҳсонига беписандлик билан боққан бўлса-да, кўпчилик халқ қисматига беэътибор  қарай олмайди. Хизматкорини арзимас бир айби учун беаёв жазолаётган хўжайиннинг ноҳақлигини кўпчилик олдида фош этар экан, оддий инсонлар тақдирига бефарқ эмаслигини намоён этади. Асарда шоир характер шундай акс эттириладики, у ҳар қандай вазият, ҳар қандай ҳолатга қарамасдан фақат ва фақат ҳақиқат ва иймон тарафида бўлишни, ноҳақлик олдида бош эгмасликни ўзининг бош амалига айлантирган эди.

Асарда Машраб илм излаб оиласини ташлаб кетса-да, бир умр сарсону саргардонликда турмуш кечирса-да, ушбу қисмат унинг ўз истаги ёки хатоси маҳсули эмаслигини ижодкор асар воқелиги орқали китобхонни ишонтиришга эришади. Машрабнинг муҳаббат можароси, Тўтинисо билан самимий муносабатлари тасвири роман сюжетидаги энг дилкаш ва айни пайтда, қайғули манзаралардир. Шоир Тўтинисо билан тинч-тотув ҳаёт кечиришни истайди, ҳаттоки уларни айришганидан кейин ва ўзининг узоқ саргардонлигидан сўнг ҳам қизни излаб келади, уни ўзи билан олиб кетишни таклиф қилмоқчи бўлади. Бироқ барча истаклари саробга айланган шоир шеърият ва халқ эътиборидан таскин топа олади, кишиларни ҳаётни севиш, ундан унумли фойдаланишга муттасил даъват қилишда давом этади. У ўз қисматининг давр қурбони эканлигини теран англаб етади. Аммо Машраб яшаган давр, ноқис ижтимоий муҳит унинг истаклари ва ҳақпарвар характерини инкор этишдан тўхтамайди.

Албатта, ушбу ҳолатлар шоирдан кучли ирода талаб этиб ва ҳатто уни бутун умрлик ҳаловатли турмуш кечириш бахтидан мосуво этган бўлса-да, бунга қасдма-қасд у енгилмас матонатини намоён этган ҳолда эътиқодидан, маслагидан, ҳатто айтган муқаддас каломидан воз кеча олмайди. Айни ана шу манзаралар Тўтинисо билан муносабатлари тасвири берилган лавҳаларда ёрқин кўринади. Офоқхўжанинг шоирдан ўз маслагидан воз кечиб, халқ олдидаги иқрори эвазига таклиф қилинган инъоми, яъни Тўтинисони унга бериши мумкинлиги ҳақидаги таклифи ҳам бўлажак фарзанди ва севгилиси унга қанчалар қадрли бўлмасин уни бўйсундира олмайди. Балки Машраб кўпчилик олдида баралла айтилган сўзлари, қўрқмаслиги, қарашларида собитлиги билан реал жонланади. Асардаги ана шундай драматик вазиятлар Машрабдек улуғ тарихий шахс тимсолини теран гавдалантиришга хизмат қилган.

Ноҳақ калтаклаганига қарамасдан хўжайинини кечирган, ҳаттоки унинг ёнини олишга ҳам ўзида ҳиммат топа олганлигини кўриб “Машраб иложсизлик ва содиқлик рамзи бўлган чолга ўкинч билан қараб турар эди. Шоир кўзларига кўзи тушган чол унинг оёғига ўзини ташлади.

  • Ё авлиё Машраб! Ўзинг мадад бер!
  • О инсони бузрук! – дея илтижода чол қўлларидан тутиб зорланди Машраб. – Бунчалар сен бехабарсен!
  • Оҳимизни Худо эшитмаса, додимиз кимга етадур, болам!
  • Осмондин мадад келмас!– чол қўлларини силаб деди шоир. – мадад ўзингизда! Сиз ўзингиз табарруксиз, ани унутманг” [1.245].

Исёнкор шоир Машраб ҳақидаги халқ қиссалари ҳамда тазкира асарлар унинг илоҳий шахслиги, фавқулодда хислатлар эгаси эканлигидан хабар берса-да, романда акс этган шоирнинг бадиий олами китобхони ишонтириш кучига эгалиги билан характерланади. Итоатсизлик, кучли исёнкор эҳтиросни адиб Машрабдаги романтик пафос, ҳодисаларга романтик назари, жўшқинлигининг маҳсули сифатидагина талқин этмайди, балки шоирнинг ҳаётга реал, очиқ кўз, теран назар билан, ҳаққоний ва сокин қарашларини бадиий ифода этиб беришга интилади. Ундаги ноёб фазилатлар, улкан истеъдод, беҳад тафаккур, мантиқий кўриш қобилияти ва ўткир билим шахслар характери, ҳодисалар тили, моҳиятини олдиндан англаш ва таҳлил қилиш истеъдодини намоён қилганлигини асослашга ҳаракат қилади. У ҳаддан ортиқ риёзат чекиб, тоат-ибодат қилиб, жаннат ва дўзах кароматларидан баҳс этиб вақт ўтказиш эмас, балки ҳаётга теран назар билан кўз ташлаш, ўзининг яратувчанлик қобилиятига, ўзининг буюклигига ишониш, ноҳақлик қаршисида бўйин эгмаслик, борлиқнинг гўзалликларидан, ҳалол ва саодатли турмуш завқидан баҳра ола билиш инсони комил учун мақбул амаллардан эканлигини ҳамиша таъкидлайди. Хуллас, ёзувчи Машраб тимсоли воситасида одамзотнинг ижтимоий-маиший ҳаётига оид рад этиб бўлмас ҳақиқатларни ва ибратли фалсафани аён қилишга эришади.

Хайриддин Бегматов романда шоир Машраб характерини янада ёрқинроқ очишга хизмат қиладиган тарихий ҳақиқатларни бадиий талқин этишга интилади. Бухорога сафари ёки замондоши Сўфи Оллоёр билан учрашуви каби эпизодлар Машраб дунёқараши, маслагини бадиий ифода этиш, шунингдек, асарнинг етакчи концепциясини тўлдириш, такомиллаштиришга ёрдам беради. Мутасаввуф шоир Сўфи Оллоёрнинг “Ҳақ жамоли ўтрусинда бул дунё рангсиз ва нигиндур” деган таъкидига:

“– Адашманг, шоир! – дея қўлини кўксига қўйди Машраб. – Ҳақ жамоли кўзларимизда мажоз жилваси бирла намоён эрмасму? Сиз ломакон мадҳин қўйинг, қавмингиз бўлмиш аҳли Қабадиён аҳволига назар ташланг! – деб супа пастига ишора этди Машраб. – ул бечоралар сиз ва мен каби аҳли каломдин ҳақ сўз кутарлар!” [1.250] Ушбу ўринда таъкидланган ҳақ сўзлар эса роман матнида Машраб ва унинг тарафдорлари тилидан ёзувчининг моҳир қалами билан тизилган жумлаларда келтирилади.

“Девона Машраб” романида адибнинг бадиий тил имкониятларидан ҳам кенг ва ўринли фойдаланганлиги кўриниб туради. Асар гарчи ўтмиш давр тилида ёзилган бўлса-да, равон ўқилади, жумлалар ўқувчини зериктирмайди. Қолаверса, асар матнида, айниқса, шоир Машраб тилидан айтилган фикрлар теран фалсафага асосланганлиги, нафақат ижодкорнинг ўз қисмати, балки инсоният турмуши, келажаги ва камолоти учун нақадар зарур ва ҳаққоний фалсафа ва ўгитлар сифатига эгалиги билан диққатни тортади ва китобхонни фикрлашга даъват этади. Умуман, асарда келтирилган жуда кўп жумлаларнинг афоризм характерига эгалиги, поэтик жиҳатдан оригинал тарзда жилоланганлигини эътироф этиш мумкин: “Ҳайқириқ сувлар оқибат баҳри уммон бағринда тинар. Ани унутмангизким, маҳзанул асрор сокин уммон қаъриндадур!” [1.49]; “Тарих бандаларнинг хоҳиш иродаси бирла эрмас, тақсирим, қилмиш кори амаллари бирла битилгай!” [1.249]; “Танбур ва сетор мисоли қўл ушлашиб чопишаётган ошиқ-маъшуқалар каби равон йўрғалаб кетди, шўх ва ўйноқи қўшиқ бошланди” [1.93].

Ёзувчининг услубий изланишларида узтоз адиб Абдулла Қодирий мактабининг таъсири ҳам сезилади. Ижодкорнинг китоб “Сўз боши”сида келтирилган қуйидаги эътирофи фикримизни далиллайди: “Илинж билан йўлга чиқдим. Кўз олдимда икки буюк сиймо: Машраб ва Қодирий” [1.3]. Ёзувчининг Туркистон тарихидаги бошқа-бошқа, лекин икки залворли даврига мансуб бу ижодкорлар номларини ёнма-ён қўйгани бежизга эмас. Улар сиймоси, аввало, фаолияти, қолаверса, ижодий йўли билан ҳақгўйлик ва эрк ва адолат куйчиси, ҳимоячиси сифатида кўз ўнгимизда гавдаланади. Бундан ташқари адиб Машраб тимсолини бадиий жонлантирар экан, Қодирий услуби, анъаналари йўлидан боришни маъқул кўргани сезилиб туради. Айрим эпизодлар, характерларнинг мантиғи, умуман, романнинг шаклий-мазмуний жиҳатларида устоз адиб қўллаган бадиий топилмалардан ижодий фойдаланиш натижасида бетакрор поэтик кашфиётлар юзага келтирилганлигини кузатиш мумкин. Асар композицияси, ғоявий-бадиий хусусиятлари жиҳатидан Абдулла Қодирий қаламига мансуб “Меҳробдан чаён” романига яқинроқ туради. Чунки “Меҳробдан чаён” романи қаҳрамони Анварда адибнинг бошқа асарларидан кўра кўпроқ Қодирийнинг маънавий оламига монандлик бордек кўриниши, маълум.

Маълумки, “Меҳробдан чаён” маърифатпарвар адибнинг инсоний майллар, илм-маориф, эрк ва ҳаққоният ҳамда ижтимоий табақа ва мавжуд тузум йўсинларининг параллел қўйилиши натижасидаги конфликтга асосланган сюжет йўналишига эга. Асарга хос бўлган айнан ана шундай қирралар “Девона Машраб” романида ҳам етакчи концепцияни ташкил қилади. “Меҳробдан чаён”нинг бош қаҳрамони Анварнинг билими, иқтидори, садоқатли ва самимий муҳаббати ноқис ижтимоий кучлар сиқувида топталади. Натижада ҳар томонлама баркамол шахс фаол ва манфаатли ижтимоий аҳамият касб эта олмайди. Чунки жамиятни сохталик, адолатсизлик, ўзбилармонлик, золимлик ва фисқу фужур эгаллаб олган эди.

Иккиюзламачилик, тилёғламалик, ёлғонни ёқлаш, баланд мартабаларни эгаллаб олган кимсаларнинг адолатсизлик ва золимликлари, ҳақиқат юзига тик қарашдан чўчиш, тўғрилик тарафдорларини эса орадан сиқиб чиқаришга уриниш ҳолатлари Машраб яшаб ўтган давр руҳи учун ҳам ёт эмаслиги кабиларни бадиий жонлантириш Хайриддин Бегматов романининг ҳам асосий воқелигини ташкил этади. Асарнинг мазмун-моҳиятига кўра Машраб атрофида бўлиб ўтаётган ноҳақликларни жим кузатиб тура олмайди, балки уларга қарши кучли исёнини муттасил намоён этиб боради. Баъзан Офоқхўжа, баъзан Сўфи Оллоёр, баъзан турли амалдорлар, ҳаттоки шоҳ Маҳмуд қатағон қаршисида ҳам мағрур сўзлай билган Машраб характери “Меҳробдан чаён” романи қаҳрамони Анварни эслатади. Қодирий романи сюжети эпизодларини ёдга олиб кўрадиган бўлсак, Анварнинг дор олдида ҳам ўзини йўқотмаслиги, ноҳақлик қаршисида бўйин эгмаслиги, дўсти Султоналини қутқаришни, бурч деб билиши воқеаларига ўхшаш бўлган сюжет чизиғи “Девона Машраб” асаридаги бош қаҳрамон кечмиши билан боғлиқ эпизодларда  ҳам кўзга ташланади. Анвар дўстини золимлар қўлидан асраб қолиш учун кўпчилик кўзида уни садоқатсизликда айблашга, яъни ўзидан узоқлаштиришга ҳаракат қилса, “Девона Машраб” романи қаҳрамони Машраб ўзи учун азият чекаётган дўстига ёрдам кўрсатиш мақсадида Офоқхўжага илтимос қилади: “Мен тонгдин то шом пойингизда ётай, майли хоки пойингизни кўзларимга суртай, илло биродарим Сеторийни зиндон азобидин қутқаринг, ҳазратим!” [1.165].

Асардаги Машрабнинг муҳаббат можаролари тасвирида ҳам “Меҳробдан чаён” воқеаларини эслатувчи эпизодлар учрайди. Тўтинисо билан Машраб боғда учрашади. Тўтинисо адабиёт, шеърият ихлосманди, қолаверса, баъзан ижод қилишга ҳам ўзида майл сезади. Машрабнинг эҳтиросли байтларига нозик дид ва ҳаё билан шеърий жавоб қайтарган Тўтинисо тимсоли “Меҳробдан чаён” романининг айни шундай фазилатларга эга бўлган бош қаҳрамонларидан бири Раънони ёдга туширади.

Адибнинг роман шаклий тузулиши устида иш олиб бориш борасидаги изланишларида ҳам Қодирий тажрибаларига таяниш белгилари сезилади. Масалан, романни “Сўзбоши” ва “Сўнгсўз” асосида қолиплаш, қисмларга сарлавҳа қўйиш кабилар устоз адиб романлари композицион қурилиши учун хос характерли хусусиятдир. Қолаверса, адибнинг китобхон билан муносабатга киришиш тарзида ҳам Қодирий услубига яқинлик кўзга ташланади. Муаллиф асарнинг турли ўринларида лирик чекиниш қилиб, ўқувчи билан бевосита суҳбатга киришади, шахсий мулоҳазаларини билдириб ўтишни маъқул кўради. Асарда Машрабдан тавба-тазарру кутган Офоқхўжа мақсадига ета олмайди. Ушбу ўринда ёзувчи китобхонга қуйидаги мулоҳазаларни билдиришни лозим топади: “Машраб ўз эътиқодига қарши бора олмади. Ҳамма замонларда ҳам шундай бўлиб келган. Буюк инсонлар тақдири ўхшашлиги кишини ҳайратга солади. Истибдод терговчисининг “Ёзган асарларингиздан воз кечиб, тавба қилинг!” қабилидаги марҳаматига “Ўзимдан пастда турган одамлар пойида тиз чўккандан кўра, ўлимни афзал биламан!” дея жавоб айтган Қодирий ҳазратлари қисмати не чоғлиқ қора эди! Ҳамма замонларда ҳам учувчи одам боласини оёғидан тортганлар. Эрк ва иймонни қон билан ювмоқ, балки инсон табиатида бордир!” [1.170] Кўриняптики, ушбу ўринда ҳам ёзувчи Қодирий номини тилга олмоқда. Ҳақиқатан ҳам эрк, ҳалқ фаровонлиг