Юсупова Шоира БАТИРОВНА

Юсупова Шоира

Шоира Батировна ЮСУПОВА

доцент

филология фанлари номзоди

Ўзбекистон миллий университети

ИНГЛИЗ ТИЛИДА ПОТЕНЦИАЛ ҲАРАКАТ МАЪНОСИГА ЭГА БЎЛГАН СЎЗ БИРИКМАЛАРИНИНГ РИВОЖИ

Ушбу мақолада инглиз тилидаги потенциал ҳаракатни англатувчи феълли бирикмаларнинг ривожланиш хусусиятлари ёритилган. Қадимги, ўрта ва ҳозирги инглиз тили даврларида бу ҳаракатни ифодаловчи сўз бирикмаларининг пайдо бўлиши ва қўлланилиши асарлардан олинган мисоллар ёрдамида таҳлил этилган. Потенциал харакатни ифодаловчи сўз бирикмалари асосан мураккаб модал феълли бирикмалар эканлиги асосланган.                     

В статье рассматриваются особенности развития глагольных словосочетаний  со значением потенциального действия в английском языке. История возникновения словосочетаний, обозначающих эти действия в древнеанглийский, среднеанглийский и новоанглийский период, и их употребление проанализированы на  примерах, взятых из произведений. Средством языкового вы­ражения потенциального дей­ствия является сложное модальное сказуемое. 

This article deals with development of some peculiarities of verb combinations denoting potential actions in the English language. The history of development of word combinations in the meaning of potential actions in old English, middle English and early new English and their usage  are analyzed with examples which is taken from fictions. Complex modal verbs are the main word combinations denoting potential actions.

Калит сўзлар:  потенциал, сўз бирикмаси, ҳаракат, қадимги давр , ўрта давр, структура, модал, аниқ, лексик маъно.

Ключевые слова: потенциал, словосочетание, действие, древнеанглийский период, среднеанглийский период, структура, модальность, реальный, лексическое значение.

Key words: potential, word combination, action, Old English, Middle English, structure, modal, real, lexical meaning.

Коммуникатив лингвистика тараққиёти потенциал ҳаракатни ифодалаш воситалари тизимини тадқиқ этиш, ҳамда сўзловчи нутқ фаолиятининг турли-туман жиҳатлари таъсирини ҳисобга олган ҳолда уни ривожлантириш имконини беради. Коммуникатив лингвистикада тил бирликларининг маъно жиҳати актуаллашган ахборот орқали ўрганилиб, у бевосита мулоқот жараёнида маълум бўлади.

Мазкур мақолада потенциал ҳаракатни ифодалашнинг тил тараққиёти жараёнида муайян, тизимли ифода усулларига эга бўлган турлари таҳлил этилади. Потенциал (бўлғуси) ҳаракат деганда рўёбга чиқиш факти сўзловчи томонидан белгилаб берилмаган ҳаракат тушунилади.Унинг реаллик билан боғлиқлик характери: зарурлиги, исталганлиги, шубҳалилиги, нореаллиги аниқлаб берилади.Потенциал ҳаракатни ифодалаш воситалари тизимининг ушбу позициядан қилинган таҳлили унинг принципиал жиҳатдан икки турини белгилаб беради.

Биринчидан, ҳаракатни потенциал ҳаракат сифатида ифодалаш ушбу ҳаракатни рўёбга чиқаришнинг субъект томонидан ана шу ҳаракатга нисбатан ички муносабатига боғлиқлигини актуаллаштириш билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бу ҳолда потенциаллилик номи келтирилган ҳаракатни амалга ошириш имконияти, мумкинлиги ёки заруратидан келиб чиқиб, қиёсланади. Келтирилган ҳаракатни рўёбга чиқаришнинг субъект ички ҳолатига боғлиқлигини тил орқали ифодалаш воситаси сифатида мураккаб модал кесим қўлланилади: 1) Mary can do it; 2) Mary may do it; 3) Mary must do it; 4) Mary should do it. Модал кесимларнинг қўлланиши ушбу мисолларда сўзловчи учун ушбу ҳаракатни унинг вақт ўқида жойлашиши билан қиёслаш зарурати эмас, балки айтилган ҳаракат ва ушбу ҳаракат субъекти ўртасидаги ўзаро муносабатларни ўрнатиш билан боғлиқ. Бошқача айтганда, модал кесим маъносида вазиятнинг вақтга оид параметри тўғрисидаги ахборот эмас, балки таърифловчи ахборот ифодаланган. Албатта, мазкур гап вақт нуқтаи назаридан ҳеч қандай мўлжал олиш имконини бермайди дейиш нотўғри, аммо таърифловчи компонент устуворлиги яққол сезилиб турибди.                           Иккинчидан, ҳаракатнинг потенциаллилиги тўғрисида гапда баён этилаётган ҳаракат кечаётган вазиятнинг потенциаллилиги ифодаланган ҳолда ҳам гапириш мумкин; бунда сўзловчи вазият параметрининг потенциаллилиги, муаммолилигини долзарблаштиради. Агар биринчи ҳолатда потенциаллилик ҳаракат билан таърифловчи қиймат сифатида қиёсланса, иккинчисида – параметрал катталик тарзида қиёсланади. Шунинг учун биз бу типдаги потенциаллиликни параметрал потенциаллилик деб номлаймиз. Параметрал потенциаллилик маъноси келаси замонга оид бўлиб, биз унга нисбатан  тахмин ва фаразлардан ташқари ҳеч қандай фикр билдира олмаймиз, шу билан бирга сўзловчи томонидан нореал ўтмишга ёки муаммоли ҳозирги замонга оид деб кўрсатилаётган ҳаракатлар ҳаракатлар боғлиқдир.

Параметрал типнинг потенциаллилигини тил орқали ифодалаш воситаси – феъл тизимида тегишли морфологик шакллар мавжудлиги ҳисобланади. Бу келгуси замон ҳамда шарт-истак майлининг аналитик шакллари бўлиб, улар грамматик мақомининг тўлиқ ва узил-кесиллиги тўғрисида ҳамон бир фикрга келинган эмас. Ўзгача айтганда, параметрал потенциаллилик инфинитивнинг замонавий тилда параметрал потенциаллиликнинг грамматик маркерларига айланган shall, will, should, would, might каби кўмакчи феъллар билан бирикмаси ёрдамида ифодаланадилар.Тасвирланаётган параметрал вазиятнинг вақт ўқига туширилиши ҳам презентал, ҳам ретроспектив, ҳам перспектив бўлиши мумкин. Шундай қилиб, нутқда шарт-итак  майли ёки аналитик келаси замон шаклларидан бирини қўллаш билан сўзловчи бир вақтнинг ўзида потенциаллилик билан бирга вазиятнинг замонга оид параметрини ҳам ифодалайди.

Инглиз тилидаги потенциал ҳаракатни ифодалаш воситаларининг замонавий тизими ривожида икки босқич ажралиб туради. Улардан биринчиси тилда реал ва потенциал ҳаракатларни қарама-қарши қўйишнинг ягона воситаси бўлиб келган потенциаллиликни ифодалашнинг тавсифловчи типини яратиш ва кенг қўллаш билан боғлиқ. Иккинчиси – истиқболли, презентал ва ретроспектив потенциаллилик орасида қарама-қарши қўйишнинг тил ифода воситаларини яратиш ва унификациялашга оиддир.

Тилда потенциаллиликни тавсифловчи ифодалаш воситаларини реал ва потенциал ҳаракатларни қарама-қарши қўйиш мақсадида кенг қўлланиши инглиз тилида қадимги инглиз даврига тўғри келади. Ушбу даврни мураккаб модал феъл бирикмаларининг кенг қўлланган замони деб атайдилар. Кўпгина тадқиқотчилар ўша пайтда сўзловчи ҳали ўзи ифодалаётган ҳаракатларни вақт ўқига нисбатан аниқ жойлаштириш орқали нисбат бермаган, шу сабабли келаси замонга оид ҳаракатлар исталган ёки эҳтимолий ҳаракат сифатида, яъни уларнинг модал тавсифи орқали ифодаланган: 1.Iс kes wine Deniga… frinan wille, beaga brittan, swap þu beneart (Beowulf, 350) – Мен данияликларнинг бу жанобидан сўрамоқ истайман, жанобнинг хазиналари, сен сўраган каби. Cўзловчи frinari wille шаклини ўзига нисбатан ишлатади. 2. Iс sceal gold gegangan (Beowulf,2069) – Ме олтин олишим керак. Келтирилган мисоллардан кўриниб турибдики, келаси замон маъноси уларда потенциаллиликни ифодалаб келган модал кесим маъноси орқали берилган. Ҳаракат модал тавсифини замон тавсифидан ажратиб бўлмаслиги кўп жиҳатдан willan ва sculan феъллари семантикасига кўра максимал аниқ бўлганлиги билан боғлиқ бўлиб, бу уларнинг субъект – ҳаракат ижрочиси билан биргаликда қўлланганлиги орқали изоҳланган. Қадимги инглиз тилига хос бўлган бу каби бирикмада ҳаракатга нисбатан эмоционал-ирода муносабат келажакка оидлилик билан бирга қўшилиб келади. Бироқ, айтиб ўтиш лозимки, willan ва sculan феъллар бирикмасини қўллашда маъно мавҳумлиги ва аниқлиги қадимги инглиз давридаёқ фарқланиб қолган. Масалан, willan феълини қўллаш, одатда, муайян субъектнинг мазкур баён этилаётган ҳаракатга нисбатан муносабатини билдириш билан боғлиқ:

Қадимги инглиз тилида sculan феълининг маъносини мавҳумлаштириш даражаси эса бирмунча юқори бўлиб, буни қуйидаги мисолларда таҳлил қилиб кўриш мумкин: 1. Fela sceal gebidan leofes and lales, se þу longe…… worolde bruceð (Beowulf, 1061) – Дунёда узоқ вақт яшаган киши, кўп яхши ва ёмонни билиши шаксиз. Бу мисолда sculan феъли муайян шахсга эмас, балки ноаниқ, номаълум субъектга қаратилиб, бу субъект кўрсатиш олмоши билан ифодаланган. 2.oft sceall earlmоnig anes willan wræс adreogan, swa us geworden is (Beowulf,3078) – Кўпинча, биз билан бўлгани каби, кўпчилик бир кишининг иродаси ила ғам-ташвиш чекмоғи лозим. Ушбу гапда субъект сифатида earlmonig йиғма-умумлаштирилган. Бу ҳолда барча ана шу кишилар йиғилиши шарт образи келтирилиб, бу феъл маъносини янада мавҳумлаштирган. 3. Conne scealon bēon gesamnode ealle ðã men (Beowulf, 1069). Бу гапда эса ҳаракат ижрочиси умуман келтирилмаган, шунинг учун шартлилик маъноси ижрочини эмас, бажарилиши шарт бўлган ҳаракатни тавсифлайди. Хулоса қилиб, шуни айтишимиз мумкинки берилган шартлилик маъноси қадимги инглиз тилида турлича ифодаланган. Модал феъл маъноси, шу тарзда, яна ҳам мавҳумроқ тус олади. Қадимги инглиз тилида, sculan модал феълининг кўмакчи феълга айланиши учун барча шарт-шароит муҳайё бўлган. Ушбу шарт-шароитлар феълнинг мавҳумлашиш даражаси ортиши билан боғлиқ бўлиб, буни лексик маънонинг йўқола бошлаши деб айтиш мумкин. Ижрочини эмас, балки айнан ҳаракатнинг ўзини тавсифлаш имконияти, фикримизча, кейинчалик sculan феълининг грамматик элемент сифатида қўлланишига сабаб бўлди.

Sculan ва willan феълларидан ташқари қадимги инглиз тилида таркибида mazan феъли бўлган модал кесим ҳам кенг қўлланилаган, у мазкур тилдаги мураккаб модал кесим баёний шакл таркибида келиб, ҳам истиқболли, ҳам презентал, ҳам ретроспектив режадаги кўринишларни ифодалаб келиши мумкин бўлган: 1. Beo ðu on tid gearu: ne mæg þæs ærendes ylding wyrðan. (Andreas, 215) – Вақтида тайёр бўл: у хабарчининг кечикиб келиши юз бермайдиган ҳодиса.   2. Ne mæg ðone mearc stede fugol gefleogaan (Beowulf,51). – У чегарадан қуш учиб ўта олмас. Мисоллардан кўриниб турибдики, бўлғуси ҳозирги ҳамда ўтган замонга оид гапларда модал кесим маъносида фақат тавсифловчи маълумот, яъни ҳаракатнинг сўзловчи нуқтаи назаридан амалга ошириб бўладиган / бўлмайдиган потенциал ҳаракат сифатидаги тавсифи берилган, холос. Қадимги инглиз тилида модал кесим маъносида ҳали параметрал тавсиф бўлмаганлигининг далили сифатида шуни келтириш мумкинки, потенциаллиликни ифодалашнинг келажакка (перспектив) ёки ретроспектив ифодалаш режасига тегишли вазиятларнинг замонга оид параметри, албатта, келаси замон ёки ўтган замон соҳасини белгиланган бошқа предикатив бирлик ёрдамида ифодаланган: 1. Beo ðu on tid gearu: ne mæg þæs ærendes ylding wyrðan. (Andreas, 215) – Вақтида тайёр бўл: у хабарчининг кечикиб келиши юз бермайдиган ҳодиса. 2. Gif him þonne Hreþric to hofum Geata geþiged, þeodnes bearn, he mæg þær fela freonde findan  – Агар қиролнинг ўғли, Хретрик геатлар саройига мурожаат қилса, у ерда кўп дўст топа олмайди. Ҳаракат потенциаллилигининг ҳозирги замонга оид деб топилиши баъзи ҳолларда параметрал тавсифнинг қўшимча баёнини ҳам ўзига олиши мумкин бўлган, бошқа ҳолларда вазиятнинг ҳозирги замон билан қиёсланиши хусусида умуман ҳеч қандай қўшимча маълумотлар ифодаламаслиги ҳам мумкин: Ne mæg ðone mearc stede fugol gefleogaan. –У чегарадан қуш учиб ўта олмас. Ҳаракат модал тавсифини шахс – ушбу ҳаракатнинг потенциал ижрочисидан қатъи назар ифодалаш мақсадида қўлланиши мумкин бўлган sculan феълидан фарқли равишда, мисоллар таҳлилидан кўриниб турибдики, magan феъли фақат шахс – ушбу ҳаракатнинг потенциал ижрочиси билан бирга қўлланиши мумкин бўлган.

Қадимги инглиз тилида willan ва sculan феълларининг ўтган замон шакли – wolde ва scolde феълларини қўллаш ҳам тавсифловчи типли потенциаллиликни ифодалаш билан боғлиқ. Улар кўпинча ўтган замонга оид вазиятларни ифодалаш мақсадида қўлланган. Бироқ улар сўзловчи томонидан келаси замонни назарда тутиб айтилган ҳаракатнинг потенциаллилигини ҳам ифодалаши мумкин бўлган. 1. Ic  þæs  Hrõþgãr mæg þurh rūmne sefan ræd gelfæran, hū hē frõd ond 3õв feond oferswyþeþ 3yf him edwendan æfre scoldebealuwa bis3u (Beowulf,1315) – Мен бу тўғрида Хротгарга, қачонлардир унинг ўзи бахтсизликлар азобидан қутулиб кетиши учун, у — доно ва қўрқмас бўлиб, душманларини енгиши ҳақида чин қалбимдан маслаҳат берган бўлар эдим. Бу ҳолда, бошқа юқорида келтирилган барча мисоллардаги каби, сўзловчи келаси замонга оид вазиятни тасвирлаётганидан биз қўшимча предикатив бирликдан билиб оламиз: hū hē frõd ond 3õв feond oferswyþeþ. Шундай қилиб, қадимги инглиз тилига оид гапларнинг модал феълли феъл бирикмаси кесими сифатида willan, sculan ва magan феълларига эга бўлган гаплари таҳлилидан маълум бўлишича, ушбу феълларнинг қўлланиши ҳали параметрал потенциаллиликни ифодалаш билан боғлиқ бўлмай, балки потенциаллиликни фақат ҳаракат тавсифи сифатида ифодалаган, холос. Юқорида санаб ўтилган феълларнинг қадимги инглиз даврида қўлланилиши бошқа модал феълларнинг ишлатилишидан деярли фарқ қилмаган: 1….ða himgerymed weard, þæt hie wælstowe wealdan moston (Beowulf,2984) – ….. ана шунда уларга, ўзлари жанг майдонига эгалик қилишлари аён бўлди. Бу ҳолда moston феъли сўзловчи томонидан келгуси замонга оид деб айтилаётган ҳаракатнинг потенциал тавсифи маъносини ифодалайди. Ҳаракатнинг замонга оид эканлиги аввалги контекстдан маълум бўлиб, ундан тасвирланаётган вазият ҳали юз бермаганлиги келиб чиқади. Ушбу ҳолатда маъно потенциаллилиги сўзловчи унга нисбатан ҳодисаларнинг ишонарлилиги тўғрисида тўла-тўкис мулоҳаза юритиши мумкин бўлган бегонанинг нутқини узатиш факти билан ҳам боғлиқ бўлиб, шунинг учун ҳум кўчирма гапдаги ҳаракатлар кўпинча потенциал ҳаракат сифатида ифодаланган. (Иванова, Чахоян, 1976: 168-170).

Шаклига кўра параметрал потенциаллиликни ифодалашнинг замонавий воситаларига ўхшаш тил конструкциялари яратилиш вақти сифатида ўрта инглиз даврини кўрсатиш мумкин. Бунда ҳаракатнинг потенциаллилик маъносини ифодалаш учун аналитик шаклларнинг қўшимча мазмунларга эга бўлиш жараёнини грамматик категорияларни бошқа ифодалаш шакллари, хусусан тур категориясини ҳосил қилиш жараёнидан айри ҳолда ўрганиб бўлмайди; 1. Sith that he might have done her no compagne (Chaucer, 125) – У унга (аёл кишига) ҳамроҳлик қила олмагани сабабли. 2. But hastily, er he his tale tolde, he wold have proved it as schold a knight (Chaucer, 192) – Аммо шоша-пиша, у ўз тарихини сўзлаб берганидан аввалроқ, у рицар қандай ўтказиши кераклиги ва шартлигини истаб қолди.

Таҳлил этилаётган мисолларда might have done ва wold have proved шакллари сўзловчи ўзи атаётган ҳаракатларни ирреал ўтмишга оид каби кўрсатадиган, замонавий инглиз тилида амал қилаётган шарт майлга оид аналитик конструкцияларга ўхшаб кетишига қарамай, ана шундай конструкция деб қарала олмайди. Биринчидан, myghte ва wold феъллари, ўз лексик маъносини сақлаб қолган ҳолда, айтилган ҳаракатга нисбатан параметрал эмас, балки тавсифловчи маълумотни узатадилар. Иккинчидан, ўрта инглиз даврида қўлланган перфект шаклининг ўзи ҳали барқарор грамматик маънога эга бўлиб улгурмаган, чунки ҳаракатнинг тугаллиги мазмунини англатиш билан, ушбу шакл ҳамиша ҳам муайян вақт, замонга оидлилик, тегишлилик маъносини ифодалаб келмаган (Иванова 1976). Бундан ташқари, тарихий синтаксис соҳасида тадқиқотлар олиб бораётган олимлар ўрта инглиз даврида перфект шаклларидан мунтазам фойдаланиш аломатлари йўқлигини қайд этиб (Ярцева 1961; Иванова 1976), бу тил конструкцияси грамматикалашувининг мажбурий шарти ҳисобланади.

Ўрта инглиз даврида мунтазамлик аломати йўқлигини потенциаллилик маъносини ифодалаб келган баёний конструкциялар қўлланишида ҳам топиш мумкин. Бу номунтазамлик сўзловчи томонидан шу каби маъноларни узатиш учун ишлатилган модал феълларнинг аралашиб кетишида, шунингдек қўлланаётган модал феъл морфологик шаклларини танлашда ҳам намоён бўлган: 1.  Gif y late him liues go, he micte me wirchen mickel wo: grith ne get y neure mo, he may me waiten for to slo (Chaucer, 509) – Агар мен уни тириклайин қўйиб юборсам, у менга кўп ғам етказиши мумкин; ҳеч қачон мен тинчлик билмайман, у мени ўлдириш учун пайт пойлаб юради. Мазкур мисолда қуйидаги манзара кузатилади – замон нуқтаи назаридан шу каби вазиятларни ифодалаш учун биринчи ҳолда сўзловчи micte, иккинчисида эса – may модал феълини қўллайди; 2.  Thus should all the realm fallon roare – Шундай қилиб бутун мамлакат жунбушга келади. Бу гапда эса келаси замонга оид ҳаракатлар потенциаллилиги мос равишда should ва shal феъллари билан ифодаланади. Келажакка нисбатан баёний ифодалаш усулларида ҳам шу каби ҳодиса кузатилади: but ich wille þat þou suere þat þou mine children shat wel yeme — Бироқ сен менинг болаларимни яхшилаб асрайман деб онт ичишингни истайман.

Бир хил феъллар турли вақтга оид вазиятларни тасвирлашда ишлатилиши мумкинлиги ҳам ҳаракатларни уларнинг замон ўқига нисбатан жойлашишига мувофиқ тизимли узатиш усулининг йўқлигидан далолат беради. 1. Noun of ham might ondyrstonde wher the dragun waswunande –Улардан бирортаси ҳам аждар қаерда эканлигини англай олмас эди. 2. He micte me wircken mickel wo – У менга кўп ғам-алам етказиши мумкин.  Мазкур мисолларда magan феълининг биттаю-битта шакли ҳам ўтган замондаги, ҳам келаси замондаги ҳаракатни тавсифлаш учун танлаб олинган бўлиб, scule феълининг биттаю-битта шакли эса режаланаётган ҳаракатни потенциаллилик аҳамияти амалга ошмай қолган ҳаракат  яъни ирреал ўтган замон вазиятини белгилаш учун олинган. Ўрта инглиз тили даври тилида ҳаракатнинг муайян субъекти ихтиёрига боғлиқ, индивиднинг субъекти фаолияти соҳасини ифодалашга оид бўлган ҳар қандай, кўпинча кўчирма гапни ифодалашга учрайдиган  гапларни потенциал гап деб белгилаш ҳамон сақланиб қолган. Valerian gan faste unto her swere that for no cas… he sholde never-mo biwreyen here – Валериан унга ҳар қандай ҳолда, ҳеч қачон уни фош қилмаслигини айтиб қасам ича бошлади. 2. Wherto shuld уe,  modir, seke me so? – Нега сен, она, мени бунчалар изладинг?

Ўрта инглиз тили даври феълли модал сўз бирикмалари ривожидаги яна бир муҳим жиҳат – willen феъли маъносининг ўзгаришидир. Агар қадимги инглиз даврида нисбатан кенг қўлланиш доирасига эга бўлган scullan феълидан фарқли ўлароқ willen феъли асосан субъектнинг фараз қилинаётган ҳаракатга эмоционал-ихтиёрий муносабатини ифодалаш учун қўлланган ва одатда, фақат ҳаракат субъекти белгиси билан бирга келган бўлса, ўрта инглиз даврида унинг мавҳумлашув даражаси бир мунча ортади. willen феъли нафақат фараз қилинаётган ҳаракатга эмоционал-ихтиёрий муносабатини ифодалаш, балки ушбу ҳаракатнинг келажакка оидлигини уқтириш мақсадида қўллана бошлайди: 1. Hopes þou þei will come hedir as þei haue hight for to tell me tythande?  – Сен улар тез орада, ваъда қилганлари каби, менга кўрсатма бериш учун келадилар деб умид қилаяпсанми? Мазкур мисолда will феълининг 3-шахс кўплик сондаги олмош билан бирга қўлланиши киши инон-ихтиёрини англатиш маъносини анча кучсизлантириб, бу феълга нисбатан умумий, мавҳум тус беради. Ўрта инглиз даврида шунингдек модал сўз бирикмасининг алоҳида қўлланиши учраб, уларда willen феъли it кўрсатиш олмоши билан бирга келади ва инон-ихтиёр маъносига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Демак, бу ерда у функционал-эмоционал элемент вазифасида келади: Will it ne bettir be – Наҳотки, яхшироқ бўлмаса?

Шундай қилиб, ўрта инглиз даврида параметрал потенциаллиликни тил орқали ифодалаш воситалари тизимини яратиш учун қатор шарт-шароит юзага келиб, модал сўз бирикмаларини қўллашнинг аналитик шаклларга максимал яқин келган алоҳида қўлланиш ҳолатлари учраб туради. Қадимги инглиз тилида тизим сифатида фақат вертикал оппозицияни, яъни реал ва потенциал ҳаракатларни қарама-қарши қўйиш воситаларини кўриб чиқиш мумкин: “реал ҳаракат – шахсий шаклдаги феъл”; “потенциал ҳаракат – модал феъл (потенциаллилик кўрсаткичи сифатида) + инфинитив”. Реал ҳаракатлар учун ана шу ҳаракатларни замон бўшлиғида жойлаштириш учун феълларнинг тегишли шакллари мавжуд бўлган бўлса, потенциал ҳаракатлар ҳали бу каби ифода воситасига эга эмас эди.

Параметрал потенциаллиликни тил орқали ифодалаш воситалари тизимини яратиш учун керакли шарт-шароитларга қуйидагиларни киритиш мумкин: 1) модал феъл бирикмаларидаги феъллар маъносининг ўзгариб, семантик тузилмадаги мавҳум компонентга эга бўлиш, унинг кучайиб бориши. Бу ҳол ана шундай феълларнинг муайян шахс инон-ихтиёрини ифодалашидан қатъи назар, фақат ҳаракатга потенциал ҳаракат сифатида умумий тавсиф бериш мақсадида қўллаш имкониятини яратиб, бу кейинчалик таҳлил этилаётган феълларни кўмакчи феъл тарзида қўллаш имкониятини берди; 2) баён этилаётган ҳаракатнинг нутқ моментидан узилиб қолиш кўрсаткичи сифатида перфект инфинитив ҳосил бўла бошлаб, унга мос равишда, шакл жиҳатидан аналитик феълларга ўхшаш феълли сўз бирикмаларининг қўллана бошлаши. Перфект ҳаракатни  ифодалашнинг грамматик шаклларининг ҳосил бўлиши кейинчалик “реал ҳаракат – потенциал ҳаракат” вертикал оппозицияси билан бирга горизонтал бўйлаб – ҳаракатларнинг замон (вақт) ўқида жойлашишига кўра,  оппозициялар тизимини яратиш имконини берди.

Алоҳида сўз бирикмаларининг муайян, аниқ ва қатъий маънога эга бўлиши эса эрта янги инглиз даврига тўғри келди. Ана шу пайтда, сўз бирикмаси аналитик шаклга ўтиши учун мажбурий бўлган мунтазамлик белгиси билан бирга, асосий ва кўмакчи феъл элементлари орасидаги ўзаро муносабатлар ҳам ўзгариб борди. Ҳаракат потенциаллилигининг тавсифловчи эмас, балки параметрал маъносини ифодалаш билан кўмакчи феъл бу билан ҳаракат потенциаллилигини параметрал тавсиф сифатида кесимнинг умумий маъносига қўшиб қўяди. Шу тарзда потенциаллилик маъносини морфологик жиҳатдан ифодалашнинг оппозициялари тизими юзага келади:

Ирреал ҳаракат                              Муаммоли ҳаракат

Тахмин этилаётган ҳаракат

should                 should                  shall

would + Inf. (Pert) would + Inf. (Ind. Cont) + Inf.

might                   might                   will

 

Эрта янги инглиз даврида модал феъл бирикмаларидаги феълларнинг яна бир ривожланиш йўналишини кузатиш мумкин. Ушбу йўналиш феъллар маъносининг грамматикалашуви билан эмас, балки улар дастлабки лексик маъносининг кучайиши билан боғлиқ. Бу ҳол айниқса сўроқ конструкцияларида ёрқин намоён бўлиб, уларда дастлабки модал бирикмаларга хос бўлган маъно кучайиши натижасида бутун гап маъноси ҳам ўзгариб кетади: 1. Will you give me half? 2. Father, would you have me give my secret for this?

Келтирилган модал феъллар лексик маъносининг кучайиши, айтилаётган ҳаракат потенциаллилиги маъносининг заифлашувига олиб келди. Натижада ушбу сўроқ конструкциялари ўзларининг дастлабки коммуникатив вазифаси, яъни савол бериш учун эмас, балки илтимос қилиш, таклиф этиш мақсадида қўллана бошладилар. Савол ясалиши бу ерда сўрашдан фарқли бўлган перлокутив самара кўрсатадиган буйруқ оҳангидаги коммуникатив вазифа узатиш учун ишлатилган. Бироқ кўрсатилган ҳаракат потенциаллилиги маъноси минимал даражада бўлса ҳам, бу ерда сақланиб қолган. Шундай қилиб, модал феъллар лексик маъносининг кучайиши бутун коммуникатив бирлик маъносининг ўзгариб кетишига сабаб бўлиши мумкин.

ФОЙДАЛАНИЛГАН  АДАБИЁТЛАР 

  1. Есперсен О. Философия грамматики. – М.: й., 1958
  2. Кубрякова Е.С. Номинативный аспект речевой деятельности. М., 1996
  3. Иванова И.П.   История английского языка. 1976.
  4. Невзорова Г.Д. Система средств выражения потенциального действия в английском языке. М.,
  5. Расторгуева Т.И. История языка. – М., 1983
  6. Ярцева В.Н. Исторический синтаксис английского языка. – М., 1961
  7. Чахоян Л. П. Очерки по историческому синтаксису германских языков. М., 1988
  8. Seamus Heaney. – Bilingual edition, 2000.
  9. Сhaucer G. The Canterbury Tales.–Oxford University Press, 1992.

Добавить комментарий