Қаршибаева Улжан ДАВИРОВНА

Каршибаева У.Д.

Улжан Давировна ҚАРШИБОЕВА 

Самарқанд давлат медицина институти

k.uljan70@mail.ru

 ФРАНЦУЗ, НЕМИС ВА ИНГЛИЗ АДАБИЁТИДА РОМАНТИЗМНИНГ ШАКЛЛАНИШ ТАМОЙИЛЛЛАРИ

Мақолада француз, немис, инглиз адабиётшунослари, романтизм назариётчилари ва тадқиқотчиларининг романтизмнинг шаклланишига таъсири ва унинг тамойиллари, инсоннинг романтизм руҳи билан суғорилган дунёқараши очиб берилди.

В статье выражены влияние французских, немецких, английских литературоведов, теоретиков романтизма и исследователей на развитие романтизма и его концепции, а также раскрыты взгляды личности душевному миру, впитанные романтизмом.

In article denominated influence French, German, English man of letters, theorist of the romanticism and researchers on development of the romanticism and his(its) concepts, as well as reveal; open glances to personalities emotional world, absorbed by romanticism.

Калит сўзлар: рационализм, романтизм, революцион, консерватив, романтизм эстетикаси, натурфилософия.

Ключевые слова:рационализм, романтизм, революционный, консерватив, эстетикаромантизма, натурфилософия.

Key words: rationalism, romanticism, revolutionary, conservative, aesthetics of the romanticism, nature philosophy.

Инсоннинг романтизм руҳи билан суғорилган дунёқараши, романтик характери совуққон рационализм мулоҳазакорлигидан фарқланувчи ўзгача улуғворлик, олижаноблик, эзгу-ҳиммат, виждон тушунчалари билан чамбарчас боғлиқ; баъзида реал ҳаётдан узоқлашган, баъзида эса ортиқча завқ-шавққа ёки чексиз қайғуга тўлган бўлиши мумкин. Лекин у ҳамиша қандайдир бир маънавий, ахлоқий идеалга интилувчан ҳаракатдир. Хуллас, романтизм – бу орзу-умид, эстетик идеал, теран фикр, жўшқин эҳтирос, кураш ва ёвузларга қарши исён демакдир.

Кейинги вақтларда адабиётшунослар орасида романтизм асарларининг асл матнлари, сюжети, поэтикаси, мотивларини таҳлил қилиш асосида романтизмни революцион ва реакцион деб, ажратишга қарши романтик санъаткорларни оқ ва қорага ажратишнинг зарарлари ҳақида фикрлар пайдо бўлди. А. Михайлов “Немис романтизми эстетикаси” тўпламига муқаддимасида бундай ёзади:

“Романтизм ҳақида кўп бахслар бўлган ва яна бўлади. Лекин ҳозир бу соҳада фанимиз эришган энг катта муваффақият – романтикларни юзаки, ибтидоий(вулгар) социологизм асосида ”реакцион” ва “революцион” романтиклар деб бир-бирига қарама-қарши қўйишдан иборат назариядан воз кечгани бўлди. Адабиётшунос И.Тертерян “Романтизм яхлит ҳодиса” мақоласида айтганидай, “Консерватив, реакцион (ёки юмшатиб айтганда пассив) дейилган романтиклар кўпинча, давр(эпоха) зиддиятларини англашда, санъатнинг келгуси тараққиёт йўлларини башорат қилишда (Новалис, Хофман) революцион романтикларга нисбатан теранроқ, нозикроқ фикрлар, баъзилари (Вордсварт, Клейст) ўз асарлари билан адабиётда чинакам инқилоб ясаган эдилар”[11, 26–27].

Англия романтиклари, лейкистлар(кўл ва дарё куйчилари С.Кольриж, Р.Саути), француз романтиклари (Ф.Шатобриан, Ш.Нодье, Жермена де Сталь, Альфред де Мюссе, Александр Дюма, Эжен Сю) ижодида ҳам инсонпарварлик ғоялари, абсолютизмга, монархиянинг бошбошдоқлигига қарши мотивлар учрайди. Д.Д.Обломиевский “реакцион”  романтик Ф.Шатобриан ҳаёти ва ижодини фақат қора бўёқлар билан таърифлайди[10, 86]. У Ф.Шатобрианнинг Наполеон ҳукуматидаги хизматларини ялпи “контрреволюцион” фаолият деб баҳолайди. Наполеон ҳукумати ағдарилгандан сўнг, Бурбонлар реставрацияси даврида Ф.Шатобриан маълум вақт ташқи ишлар вазири бўлиб ишлаб турганида Испанияда революцияни бостиришда қатнашганлиги, “Христианлик даҳоси” асарида дин маркази – черковни ҳимоя қилганини айтади. Д.Обломиевский қуйироқда ўз фикрига қарши чиқиб, Ф.Шатобриан “Христианликнинг илк даврларидаги патриархалликни соғиниб, янги даврда черков Рим папалари, кардиналар, епископларнинг дабдабали, зеб-зийнатли ҳаётга (мол-дунёга) маст бўлиб, ахлоқий тубанлашгани оқибатида инқирозга учради, деб ёзганини, яъни, ҳақиқатни айтганини ҳам “реакционерлигидан” деб билиши мунозаралидир[8, 86]. Ф.Шатобриан мақтаган илк христианлар Рим империяси жабр-зулми остида азобда яшаганига қарамай, чин кўнгилдан Худога ва Исо-Масиҳга ишонч-эътиқоди кучли бўлгани тарихий ҳақиқатдир. Умуман ўрта асрларда христиан шоирлари ҳам бадиий юксак, ярим афсонавий, ярим реалистик асарлар ёзганлар ва адабий мерос, халқ ижоди – фольклор асарлари ҳам Европа романтик шоирларига манба бўлиб хизмат қилган эди.

Д.Д.Обломиевский коммунистик ва атеистик моддиюнчилик ва синфий кураш таълимотларидан келиб чиқиб, Ф.Шатобрианнинг “Христианлик даҳоси” асарини инсонлар ақлини динга бўйсундирувчи, жабр-зулмга қаршилик қилмасликка, сабр-қаноатга чақирувчи зарарли асар деб қоралайди. Бизнингча, бу жуда бир ёқлама фикр. Чунки, Ф.Шатобриан “Христианлик даҳоси” асарининг кўп ўринларда Римликларнинг илк христианларни қувғин қилиб азоб берганлигини қоралайди. Ҳақиқий диндорлар уруш-қирғинлардан узоқ туриш учун, ибодат билан тинч ҳаёт кечириш учун шаҳардан узоқда, тоғларда қурилган янги монастирда паноҳ топдилар деб, тарих ҳақиқатини тўғри кўрсатади[9, 400]. “Рене” асарида эса Ф.Шатобриан ақлли, соғлом йигит – Рене диний эътиқодсизлиги сабабли гуноҳ ишларда, ўз опаси билан эҳтиросли ишқий мулоқотларда лаззат топганлигини тасвирлайди. Яъни, динсизлик инсон хирси, эҳтиросларига, гуноҳ ишларга йўл очади.

Атоқли санъатшунос В.В.Ванслов “Романтизм эстетикаси” китобида жаҳон адабиёти ва санъатида вужудга келган бу оқимга мансуб санъаткорлар (бастакор, рассом, драматург, жанр, файласуфлар) инсониятнинг руҳий, маънавий тараққиётига катта ҳисса қўшган нодир истеъдод эгалари эканлигини, улар ижодида бутун инсоният орзу-идеаллари ёрқин акс этганлигини айтади. “Романтиклар ғаразли манфаатга”, ёвузликка бегона; гўзал, қалби тоза, меҳр-шавқатли одамларнинг қадрланишини, инсон ва олам гармониясини (яъни инсонларнинг олам гўзаллигига мувофиқ бўлишини), эркин ва бахтли ҳаётни, инсоният бахт-саодати учун қаҳрамонликларни, юксак маънавиятли, маърифатли инсонларнинг бирдамлигини ва биродарлигини, истеъдодли шахсларнинг барча қобилиятлари рўёбга чиқишини орзу қиладилар. Воқеъликда эса романтиклар бунинг тескарисини, бахтсизликни, қулликни, муҳтожликни, тубанлик ва бузуқликни, шахснинг (инсонийликнинг) емирилишини кўрадилар[4, 4-5].

“Романтизм эстетикаси” монографияси муаллифи В.В.Ванслов машҳур олмон файласуфи Г.Гегелнинг “Эстетика” асаридан олмон романтизми ҳақидаги фикрини келтиради: “Ф.Шиллер каби шоирлар олижаноб идеаллар амалга ошмаслиги ҳақида чуқур қайғусини самимий, таъсирчан сўзларда (асарларида ҳам) ифодалайди”. Г.Гегел романтик санъаткорларни субъектив идеалистлар деб танқид қилади. Аммо, бизнинг назаримизда романтик санъаткорларнинг ўзлари романтизм эстетикасини Г.Гегелга нисбатан яхшироқ, теранроқ, равшанроқ тушунтирадилар. В.Ванслов шу маънода бир неча романтикларнинг воқеълик ва идеал муносабатлари ҳақидаги фикрларини келтиради. “Романтизм эстетикаси” ижодий вазифаларни ҳал этиш жараёнида турли жанрларда ёзилган асарларда, сўзбошилар, мактублар, тақризлар, кундаликлар шаклида кўрина бошлади. Романтизм назарияси бундай асарларда ҳеч бир тартиб ва системасиз, жуда эркин шаклланди[4, 6].

Георг Гегель ва Фридрих Шеллинг табиатни, жамиятни, инсон онгини системага солиб, янги-янги назариялар, фалсафий системалар яратадилар. (Субъектив, объектив идеализм, натурфилософия ва ҳоказо). Романтик шоирлар ва мутафаккирлар эса табиатнинг чексизлиги, куч-қудратини, гўзаллик, улуғворлик манбаи сифатида севадилар ва системалашни ёмон кўрадилар[5, 82]. Романтиклар ҳар қандай замонда ва маконда, ҳар қандай оғир, фожеий шароитда ҳам адолат, эзгулик, ҳақиқат ғалаба қилишига ишонибгина қолмай, олий инсоний идеаллар – озодлик, тенглик, биродарлик, халқлар дўстлигини ҳимоя қилиш учун курашадилар. Жан Жак Руссо табиат ва инсон озодлиги учун революцион ғояларни ёқлади, Байрон, Анри Бейл-Стендал Греция ва Испания халқларининг озодлиги учун курашда қатнашдилар. Проспер Мериме Италия карбонарийларига чексиз ҳурмат билан қарайди.

Романтиклар ёрқин истеъдод эгалари сифатида жаҳондаги барча халқлар бахт-саодатли, тинч, фаровон яшашини орзу қиладилар. Бу орзулар рўёбга чиқмаса, ёвуз кучлар ғалаба қилса, романтиклар бутун олам қайғусини изҳор этадилар. Француз адиби, романтик ижодкор Альфред де Мюссе “ДАВР фарзандининг дил изҳори” романида бундай дейди:

“Талабалар ва рассомлар ахлоқи, эркин ва ёшликка хос ажойиб ахлоқ (Наполеон ўлимидан сўнг) жамиятдаги ўзгаришлар таъсирида (салбий томонга) ўзгарди. Эркаклар севган аёлларини ташлаб, улардан жирканиб, ичкиликка ва куртизанкаларга (эрсиз чиройли аёлларга) берилиб кетгани каби, ёшлар, талабалар, рассомлар ҳам энди чин муҳаббат борлигига ишонмай, шон-шуҳрат учун севадиган, динга эътиборсиз бўлиб, енгилтак аёллар билан дўстлаша бошладилар, ўзлари севган, ташлаб кетилган маъшуқаларини кайф-сафо ва иллатлар авж олган фохишахоналарда кўра бошладилар, эркаклар, ошиқлари уларни шу кўйга солиб қўйдилар”.

Худди шу замонда … икки даҳо, Германияда Гёте ва Англияда Байрон оламнинг барча соғинч ва қайғуларини бир жойга жамлаб бу ишга ҳаётини бағишладилар. Янги адабиёт патриархи Гёте “Вертер” асарида оташин севги эҳтирослари одамни ўз-ўзини ўлдиришигача олиб боришини тасвирлади. “Фауст” (поэмаси)да эса Гёте (жаҳон адабиётида) энг чуқур зулмат, ёвузлик ва бахтсизликлар тимсоли бўлган образни яратди. Гёте асарлари Германиядан аста-секин Францияга кириб келди. Францияга бундай зулмат (Худога қарши исён қилиб, Иблис-Мефис Тофел билан дўстлик аҳди тузган, олам сирларини билиб, ўзини Худога тенглаштирган) инсон (фауст) руҳияти Францияга қандай зулмат тарқатаётганини бадавлат, бахтиёр Гёте нодир картиналар ва ҳайкаллар билан безатилган ижодхонасида ўтириб, хотиржам кузатар эди. Унга жавобан Байрон дардли фиғони билан бутун Грецияни ларзага келтириб, (ёвуз қаҳрамони) Манфредни тубсиз, қоронғи жар ёқасига олиб бориб қўйди. Бу билан Байрон ўзини ўраб олган сирлар пардасини фақат ўлим оча олишини айтгандек эди[1, 25].

Шундан сўнг А.Мюссе “Давр фарзандининг дил изҳори” да француз романтизми олмон романтизмига нисбатан ёруғроқ, инсонпарварроқ, гўзалроқ демоқчи бўлиб, Гёте ва Байронга ўз норозилигини билдиради.

Гёте ва Байрон қаҳрамонлари, Фауст ва Манфред ўта эгоист, индивидуалист, исёнкор бўлсалар ҳам илм-маърифатга қизиқувчи, кучли шахслар эдилар. Улар улуғвор мақсадлари йўлида ишқ-муҳаббатдан ҳам юз ўгирган эдилар. А.де Мюссенинг “Давр фарзандининг дил изҳори” романи бош қаҳрамони, йигирма ёшли, ҳаётий тажрибасиз, оташин севгисига содиқ йигит Октав ҳам ўта индивидуалист, фақат севги лаззатига ғарқ, севгида бахтсизликдан ўлим яхши деб билувчи бу йигит  – иродасиз, заиф шахс, у Фауст ва Манфреднинг зидди, Гётенинг Вертерини эслатувчи шахс.

Романтизм ҳар доим реал, ҳаётий бўлмаган келажакка интилганлик, гўзаллик ва нафосат идеали ҳақида ўй-хаёл, ижтимоий ва маънавий-ахлоқий уйғунлик, ҳамоҳангликдек қабул қилиниши лозим. Масалан, ўзининг танқидий мақолаларида романтизм тушунчасига кенг таъриф ва тавсиф берган рус мунаққиди В.Г.Белинский, романтизмда айнан романтика муҳим аҳамият касб этажаклигини уқтираркан, романтикани алоҳида олинган шахснинг ички маънавий ва руҳий дунёси билан чамбарчас боғлайди: “Ўзининг узвий ва муҳим маъносида романтизм, инсон қалбидан, унинг ички дунёси, юрагининг сирли ҳаётидан бошқа ҳеч нарса эмас… Унинг доираси – инсоннинг ички, юрагидаги, дилидаги ҳаёти, қалб ва юракнинг сирли ва яширин сермаҳсул замини, қаердан барча мубҳам орзулар эзгулик, олижаноблик, буюклик сари кўтарилади, ўй-ҳаёл яратган идеалларда ўзига қаноат топиш, мамнун бўлиш, ҳузур-ҳаловат топишга ҳаракат қилади”[2, 145–146].

Бироқ, романтика, охир-поёни йўқ фантастика, фойдасиз “романтик” иллюзия, хом ҳаёл ва тасаввурлар билан боғланганда, мутлақо бошқа, анвои тусга бурканиши ҳам мумкин. Бундай романтика, табиийки, ижобий, фойда келтирувчи идеаллар юзага келишига, қолаверса қарор топишига ёрдам бермайди. Байрон, Гюго, Пушкин, Гофман, Гейне каби романтик шоирлар ўз асарларида истеҳзоли тарзда шу каби иллюзия, яъни борлиқни, воқеликни нотўғри идрок қилишдан ҳосил бўлган сохта тасаввурларни фош қилишган.

Кейинчалик романтизм хусусидаги тушунча ва тасаввурлар ушбу ўзига хосбадиий-эстетик йўналишнинг такомиллашиб боргани сари ривожланиб борди. Бундан ташқари, гарчанд романтизм ўзининг конкрет-тарихий ифодаланишида санъат ва адабиётнинг  турли шаклларида объектив воқеликни бадиий жиҳатдан идрок қилишнинг асосий воситаси сифатида ўз ривожини ҳозиргача тугатмаган бўлса ҳам, романтик ёзувчи ва шоирларнинг асарлари умумбашарий маданият тараққиётига улкан ҳисса қўшгани ҳолда санъат ва адабиётда абадий қолажак.

Романтизмни соф илмий-назарий муаммо сифатида тадқиқ қилиш борасида шуни таъкидлаш мумкинки, ушбу мураккаб ва кенг қамровли муаммо мана деярли бир ярим аср мобайнида тадқиқотчилар диққат марказида турибди, қолаверса охирги ўн-ўн беш йил ичида жаҳон, шу жумладан ўзбек  адабиётшунослигида ҳам тобора долзарб муаммога айланиб бормоқда. Энг муҳими, ушбу долзарблик асло сунъий эмас, назарий ва амалий заруриятдан келиб чиққан. Бироқ, тан олиш керакки, романтизм ҳодисаси, ўзининг кўп қирралиги, турли қиёфаларда намоён бўлишлиги, муросасиз зиддиятларга тўлалиги билан ҳам ўта мураккаб ҳисобланади. Қандай бўлмасин, ушбу муаммонинг илмий долзарблигининг асосий сабаби шундаки, хронологик жиҳатдан биздан анча узоқ бўлиб кўринган романтизм даври ҳозирги   кунда  ҳам  ўз эстетик,  ғоявий – фалсафий   аҳамиятини йўқотмаган. Энг муҳими, ўз асарларида романтизмни куйлаган ёзувчи ва шоирларнинг адабий меросига нафақат китобхонлар, балки уларнинг тажрибасини англаб олишга, маълум маънода ўзлаштириб олишга интилувчан замонавий ижодкорлар ҳам мурожаат қилишади.

XVIII аср охирида Европада ҳукмронлик қилган феодализм инқирозга юз тутишининг муқаррарлиги аён бўлди. Феодализмнинг асрлар оша мустаҳкамлигини намоён қилган, ўзгармас ва бардошли бўлиб туюлган иқтисодий ва ижтимоий, маънавий–ахлоқий ҳамда ҳуқуқий тамойиллар ўзининг сиёсий–ижтимоий жаҳолатпарастлигини, аксилинқилобий қиёфасини, юксак гуманистик идеаллардан узоқлигини, етарлича асосга эга эмаслигини яққол намоён қила бошлади. Феодализм тузумига қарама-қарши фалсафий ғоя, мафкура ва дунёқарашга эга бўлган Маърифат даври куртак очиб ривожлана бошлади. Ўзларининг асарларида абсолютизм, яъни якка ҳокимлик, олий ҳокимият бир кишининг – қирол қўлида бўлган давлат тузумининг турли ижтимоий қонун-қоидаларини, идора қилиш усулларини, энг муҳими, унинг мустаҳкам таянчи ва содиқ маслакдоши бўлмиш – христиан черковини кескин танқид қилган европалик маърифатпарвар адиб ва шоирлар  аслида қудратли сиёсий куч эмасди. Ўзларининг дастуриламал қилиб олинган баёнот ва мурожаатномаларида умумий эркинлик, тенглик ва биродарликни мадҳ этувчи қанчалик ёрқин ва баландпарвоз шиорларни кўтариб чиқиб, улар Европада фалсафий тафаккур, бадиий онг тараққиётининг янги даврини ифода этувчи маърифатпарвар ва ҳурфикр ижодкорлардек намоён бўлишди. Айнан маърифат ва инсонпарварлик ғоялари билан суғорилган мафкура Европанинг кўпгина илғор мутафаккир адиб ва шоирлари таълимотларига серҳосил замин яратиб берди, энг асосийси, ушбу назария ва таълимотлар бир қатор Европа давлатларининг нафақат мафкуравий, балки ижтимоий-сиёсий ҳаётларига улкан таъсир ўтказибгина қолмасдан, то XIX асрнинг иккинчи ярмигача бутун Европа тараққиёти қайси йўналишда боришини белгилаб ҳам берди[6, 4–6]. Илм-фан нуқтаи назаридан кескин ижтимоий ва сиёсий ўзгаришдек хулосаланадиган Буюк Француз инқилоби 1789–1794 йилларда рўй берди ва кейинчалик умумевропа аҳамиятига молик ҳодиса сифатида ўз таъсирини XIX асрга ўтказди. В.Г.Белинский таъбирича: “…бутун XIX аср, яъни инсониятга цивилизация ва маданиятни берган юз йиллик, Француз инқилоби таъсири остида ўтди”[3, 186].

Францияда содир бўлган буржуазия инқилоби ушбу давлатни, биринчи навбатда унинг пойтахти – Парижни Европа сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг марказига айлантирди. Лекин ўша даврда молиявий ва иқтисодийжиҳатдан Англия энг ривожланган давлат эди, негаки буржуазия инқилоби ушбу давлатда XVII аср ўрталаридаёқ содир бўлиб ўтган, шу боисдан ҳам Англия ижтимоий-иқтисодий тараққиёт йўлида Франциядан анча илгарилаб кетганди. Таъкидлаш лозимки, Францияга қараганда, Англияда Маърифат даври мутлоқ бошқа йўналишлар орқали кечганига қарамасдан, барибир у, ўзининг асосий ижтимоий ва фалсафий мазмун-моҳияти бўйича, Француз инқилоби Ж.Руссо ғоялари таъсирини ҳис этган эди.

Айнан ушбу, яъни икки даврнинг кескин ўзгариш ва бурилишларга бой бўсағасида романтизм адабиёти юзага келиб, ўз даврининг ғоявий-бадиий ва мафкуравий ифодаловчисига айланди. Турли бадиий ва махсус адабиётларда романтизм француз инқилоби ва унинг оқибатларига жавоб реакция сифатида намоён бўлди дегувчи таърифу тавсифдан келиб чиқиш одат тусига кирган. Аслида эса, умуман тўғри бўлган ушбу қоидага муҳим аниқлик киритмоқ лозим, яъни адабий романтизм назарияси турли миллий адабиётларда турлича талқин этилади. Француз инқилоби романтизмнинг нафақат юзага келишида, балки кейинги ривожида ҳам тутган улкан аҳамиятига қарамасдан, у турли миллатлар учун умумий бўлган адабий ҳодисанинг келиб чиқиш (генезис) ини белгилаб берувчи ягона ва универсал омил бўлмаган. Ҳар бир миллий адабиётда романтизмнинг келиб чиқишини ва унинг ўзига хос хусусиятларини белгилаб берувчи дастлабки шарт-шароитлар, қолаверса етарлича асослар мавжуд бўлган. Фикримизни давом эттирсак, романтизм тушунчасига кенгроқ  маънода  қараш зарурияти бор. Буюк Француз инқилоби ҳам, Европанинг бошқа давлатлари ҳаётидаги ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар ҳам романтизмнинг пайдо бўлиши ва ривожланишини ижтимоий-сиёсий жиҳатдан таърифлаб берганлигини инкор этиб бўлмайди. Лекин романтизм пайдо бўлишида асосан Маърифат даврининг сўнгги босқичларида шаклланган муайян бадиий-эстетик асослар ҳам бўлганлигини таъкидлаш лозим. Шунинг учун, жаҳон адабий жараёнида ҳам, XVIII асрнинг бадиий-эстетик назарияларида ҳам “романтизм олди” деб аталган муҳим воқеа ва ҳодисалар рўй берган ва ўз аксини топган эди.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР

  1. Альфред де Мюссе. Исповедь сына века. Новеллы. Л.: Худ.литература, 1970.
  2. Белинский В.Г. Полн. собр. соч., Т. VII. – М., 1955.
  3. Белинский В.Г. Полн.собр.соч., Т. VII. – М., 1955.
  4. ВансловВ.В. Эстетика романтизма. «Искусство», М. 1966.
  5. Дмитриев А.С. Проблемы Иенского романтизма. – М.: Изд. МГУ, 1975.
  6. Дмитриев А.С. Теория западно-европейского романтизма// Литературные манифесты западноевропейских романтиков. – М.: Изд-во МГУ, 1980.
  7. История французской литературы. Том II. – М., 1956.
  8. Литературные манифесты западноевропейских романтиков. – М.: Изд. МГУ, 1980.
  9. Романтизм до 1830 годов XIX века // История французской литературы. Изд. АН СССР, 1956.
  10. Эстетика немецких романтиков.– М.: Искусство, 1987.

 

 

 

 

 

 

Leave a Reply