Қаҳҳор ЙЎЛЧИЕВ

Қаҳҳор ЙўлчиевҚаҳҳор ЙЎЛЧИЕВ

катта илмий ходим-тадқиқотчи

Фарғона давлат университети

 УЧЛИК КОМПАРАТИВИЗМ ОБЪЕКТИДА

Мақолада ХХ аср иккинчи ярмидан бошлаб, ўзбек, тува, бурят, немис халқлари шеъриятида кенг қўлланилган учлик кичик лирик жанри таҳлил қилинади. Учликнинг турли халқлар томонидан уччаноқ, ожук даже, хайку деб номланишига қарамасдан, улар ўртасида уйғунлик борлиги, шунингдек, учликларнинг турли халқлар шеъриятидаги фарқли жиҳатлари ҳақида сўз юритилади.

В статье исследуется малый лирический жанр трехстиший, который с серединыXX века часто используется в узбекской, тувинской, бурятской и в российской немецкой поэзии. Хотя трехстишия называли по-разному: уччанак, хайку, ожук даже, – между ними есть некоторые общие и своеобразные стороны. Показывая эти особенности, автор анализирует трехстишия в сравнительно-типологическом плане.

In this article it is investigated a small lyrical genre triplet, which from the middle of the 20th century is often used in uzbek, Tuva, Buryat and Russian-German poetry. Although tercet called by different names such as uchchanak, haiku, ozhuk even there are some common and unique side among them. Showing these seatures, the author analyzes tercet in comparative-typological point.

Калит сўзлар: жанр, учлик, образ, уччаноқ, ожук даже, хайку, антитеза, типологик ўхшашлик, мифология.

 Ключевые слова: жанр, трехстишия, образ, уччанак, ожук даже, хайку, антитеза, типологические схождения, мифология.

Key words: genre, triplet, image, uchchanak, ozhuk daje, haiku, antithesis, typological convergence, mythology.

Уччаноқдаги учлик образлар тизими, ғоявий яқинлик, антитеза, товушлар уйғунлиги, мазмуний теранлик ва шаклий сиқиқлик каби хусусиятлар бир миллий шеърият доирасида ёки макон чегарасида қолмайди. Айниқса, генетик жиҳатдан яқин бўлган ва бир ижтимоий муҳитда маълум муддат бирга бўлган адабиётлар ўртасидаги илғор фикр, услуб, адабий ҳодисалар тезда бошқасига ўтиши ёки билвосита типологик ўхшашлик шаклланиши кўп учрайди. Шу маънода “ХХ асрнинг саксонинчи йилларида Тува адабиёти ва қадимги туркий шеъриятда мавжуд бўлган анъаналар асосида ожук дажи (ўчоқ тоши – Й.Қ.) номли уч мисрали мустақил шеърий жанрнинг шакллан…”(6) иши ожук дажи ва уччаноқларнинг қиёсий типологик тадқиқини талаб этади.

Берса-да, ҳаёт неъматларин…

Кўрсатади оғирликларин…

Онам каби силамади бош(6, 23).

Шеър композициясидаги биринчи қаторда лирик қаҳрамоннинг ҳаёт ҳақидаги умумий фикри, тезис берилган. Унинг сўнггидаги кўп нуқта мисрада нисбий мустақил мазмун борлигини кўрсатган. Чунки кўп нуқта фикр давомийлигини, фикр тугамаганлигини, ҳаётий ҳақиқатни тасдиқлаш, баъзи интилишларни инкор қилишини кузатиш мумкин. Лекин бу мазмун доираси қаерга қаратилгани номаълум. Кейинги қатор ҳақида ҳам шу фикрларни айтиш мумкин. Учинчи қатор эса биринчи ва иккинчи қатордаги нисбий мустақил мазмунларни умумлаштириб, якуний хулосани берган. Бу “Она меҳрибон, беминнат меҳр улашувчи” деган фикрдир. Шунингдек, шеърда “дунёда ҳеч нарса осонлик билан қўлга киритилмайди,” деган мулоҳаза ҳам мавжуд.

Анвар Обиджон шеъриятидаги шаклий-услубий изланишлар ўтган асрнинг етмишинчи йилларидан бошланган. Бунга ўз вақтида олимларимиз ҳам муносабат билдирганлар. “Интилиш, аввало, миллий анъаналарга, биринчи навбатда, янги давр ўзбек шеърияти тажрибаларига таянган ҳолда боряпти, айни пайтда ёшларимиз рус ва жаҳон прогрессив адабиёти ютуқларидан баҳраманд бўлишга, замон синовларидан ўтган ёки ўтаётган мақбул янгича услуб ва усулларни ўзбек шеъриятига тадбиқ этишга интилаётирлар”(8). Ифода услубидаги ўзига хос кейинчалик шаклий ўзига хосликка интилишга олиб келди. Буни шоирнинг уччаноқликларида кузатиш мумкин:

Ўликларнинг хизмати –

Тирикларнинг қисматин

Ёдга солиб турмоқлик(9, 162).

Шоир мазкур шеърида воқеликни анъанавий уч образ – ўлик, тирик, лирик қаҳрамоннинг ўзаро муносабатида тасвирлаган. Бу образлар ўзбек мумтоз адабиётидаги анъанавий образлар саналади. Лекин шоир уларга новаторона ёндашган. Бу “ўликнинг хизмат” қилиши, “тириклар қисмати” деган сўз бирикмаларида очилган. Икки ўртадаги тире эса поэтик констуркцияларни метофорик муносабатга киришига ёрдам берган. Бу ердаги метофора соф эмас, балки эпитетли метофорадир. Чунки, матн мазмуни аслида, ўлик одам, тирик одам деган маънони англатади. Бу эса шеър мазмунига бадиийлик бағишлаган. Чунки, бадиий эпитет доимий саналиб, у сўзга, шеър структурасига бадиийлик олиб кирган. Бунда шоирнинг дунёқарашидан келиб чиқиб, образларнинг асосий хусусиятини белгиланган. Бадиийликнинг юзага келишига ёрдам берган иккинчи восита бу оддий меъёр, биз кўниккан маъно ўрнига янги мазмун юкланганидир. Шеър биринчи сўзданоқ етук бадиий мазмун яратишга қаратилган.

Аслида, тасвирдаги ўликлар ва тириклар образи умумлашма образлар саналиб, улар лирик қаҳрамонга бутун инсониятнинг ҳаёти ҳақида умумий хулоса ясаш имконини беряпти. Бундан ташқари, шеърнинг мазмуний асосида халқнинг ўлим ёруғ дунёнинг, яшашнинг қадрига етишга ўргатади, деган ҳикмат ётибди. Шоир образлар зиммасига шеърнинг антеза усул ёрдамида янги маъно очиш вазифасини ҳам юклаган. Ўлик-тирик, унутиш-эслаш сўзлари орқали шеърнинг мазмуний ўсишини таъминлаган. Товушларнинг вертикал (ўлик-тирик, хизмат-қисмат), горизонтал уйғунлиги (л,м, т,р,н, к) шеърнинг бадиий-эстетик таъсирини оширган.

Шеърдаги олам гўё учга ажратилган: ўликлар олами, тириклар олами ва иккаласининг муносабати натижасида шаклланадиган янги нисбатан етук олам. “Оламнинг бундай модели, нафақат туваликлар, балки Осиёнинг кўплаб халқлари диний-мифологик дунёқарашига ҳам хосдир. Оламнинг уч қаватли структураси Тува мифологиясида қуйидагича тасвирланади:

1) юқори олам — Yстүү оран (Курбусту ораны – Курбусту олами, Бурган ораны – Илоҳий олам); 2) ўрта олам — Ортаа оран (Сарыг Өртемчей – Сариқ олам, Чырык Өртемчей – Ёруғ Олам); 3) қуйи олам — Алдыы оран (Карангы Өртемчей – Қоронғу Олам)”[6].

Айнан шунга ўхшаш фикрни Б. Саримсақов ҳам келтирган: “Қадимда аждодларимизнинг оламнининг уч қисмдан(ер ости, ер усти ва кўк) иборат тузилишига эга эканлиги, инсон олдида ҳамма вақт уч имконият ва уч йўлнинг мавжудлиги, инсон ҳаётининг ҳамма вақт руҳ – инсон руҳ каби уч фазали доира ичида кечиши сингари тасаввурлардан келиб чиқилса, йўлнинг учга айрилган жойидан олинган тупроқ ҳам магик қудратга бўлиши бир оз ойдинлашади”(10).

Демак, Анвар Обиджон юқоридаги шеърида бекорга уч қаватли оламни тасвирламаган. Оламни уч қисмга ажратиш “Ўрхун битикларида ҳам қайд этилган: “Аввал юқорида мовий осмон, қуйида қора Ер бўлган, улар ўртасида онсон болалари пайдо бўлган”(2).

Шеърнинг мазмунига мос ғоявий структура (беш нарсадан олдин бешта нарсани ғанимат бил: ўлим келмасдан тирикликни…) ислом динида ҳам мавжуд(7).

Шунга ўхшаш ҳодисани Тува шоири Н.Куулар шеърида ҳам кузатиш мумкин:

Ваъда қилгандек мангу ҳаёт,

Узоқ сайради ўрмонда какку.

Ухлаб қолди чол-бечора(6)

Бу ерда шоир ўрмон, какку образлари орқали ўз макон, миллий турмуш тарзини намонё этган. Лекин бошқа ўринларда, масалан, образларнинг ўзаро семантик муносабатга кириш – шеърнинг метафорага айланиши, воқеликнинг ўзаро зиддиятли сўзлар асосида шаклланиши(мангу ҳаёт-ухламоқ-ўлмоқ), туроқ ва бўғинларда ўзаро тенглиги уччаноқ ҳамда ажук дажининг генетик қариндош халқлар ижодида аждодлар анъанаси сақланишига мисол бўла олади. “Мазкур миниатюрада фикр кескин, тутқич бермас илоннинг бурилишига ўхшаб кутилмаган ҳолатда тугайди: гарчи узоқ умр ваъда қилинса-да, “ухлаб қолди чол-бечора” (яъни ўлди) – алогизм усулидан фойдаланган”(6). Образли қилиб айтилган сўз киши руҳини ўзига бўйсундирадиган бир ҳолат касб этади. Бу шундайки, маълум бир ишлар кишига кўринмасдан, улар ҳақида бирор фикр юритилмасидан ва уни эътироф этилмасдан туриб, улар кишига хуш келади, баъзиларидан эса киши ўзини тияди. Демак, уччаноқ ва oжук дажининг ўхшаш томонлари шундаки, мазмуний структураси кўп қатламли ва ўқувчининг мутолаа жараёнида фаол фикр юритишига мўлжалланган. Шунингдек, генетек жиҳатдан қариндошлик иккала шеърий шаклдаги бадиий тафаккурда ўз аксини топган. Лекин фарқли томонлари ҳам мавжуд.

Бурят олими Т. Дугардапова бурят шеъриятининг поэтикаси ва услубини Дондоқ Улзитуев шеърияти мисолида тадқиқ қилар экан, бу шеъриятига лирик миниатюралар деб саналадиган уч мисрали шеърни олиб кирганини таъкидлайди. Олим жанр асоси сифатида халқ лирик қўшиқларидаги образли ифода, пареллелизм ва япон хоккуларини эсга соладиган учлик шаклини олганини ёзган: “Баъзан Улзитуевнинг учликлари «тасвирий санъат» шеърияти деб номланадиган япон хокку(хайку)ларини ёдга солади. Шоир нафақат зарур усулларни топган, балки зарур деталлар ёрдамида керакли бадиий эффектга эришган.

Қарагин ҳовлида

Баҳорнинг майин нигоҳи –

Эриган қорлар кўлмаги”(5).

Олимнинг фикрича, учликлар кўпроқ милий анъана ва жаҳон шеърияти ютуқларини ижодий қайта ишланиши натижасида шаклланган.

Уччаноққа ўхшаш шеърларнинг россиялик немислар шеъриятида ҳам мавжудлиги илмий жиҳатдан исботини топган. Е. Зейферт тадқиқотининг 5.5.6. фасли “ Хайку [das Haiku] ва руссиялик немисларнинг учликлари [der Dreizeiler — уч қатор, учта чизиқ] деб номланиши ва Лия Франк ҳамда Роза Пфлюг шеърлари мисолида таҳлил қилингани эътиборга лойиқдир. Олимнинг фикрича, немис тилида ижод қилувчи шоирлар япон хайкуларининг ёзилиш қоидаларига амал қилишади(5).

Рус шоирлари орасида ҳам учликларда табиат тасвири, портрет, ижтимоий мавзу, ишқ, ҳижрон каби мавзулар турли усулларда ифодаланган. Сергей Зубарев ижодида ижтимоий муаммолар ироник тарзда ёритилади:

Ичмай қўйди арзон ароқни,

Борар эди психиатрга

Анча қиммат коньяк билан(3).

Шоир бошқа халқлардаги учликларга монанд равишда антитеза (арзон-қиммат, ичмайди — даволанади, ароқ-конъяк) ёрдамида асосий ғояни очиб берган. Шеърнинг сарлавҳаси миллат соғлиғи эканлигини назарда тутсак, шоирнинг қайғуси миллий масала эканлиги ойдинлашади.

Бошқа бир шеърида эса қалб образи орқали замонавий одамнинг тинимсиз интилишлари самарасиз бўлишини хоҳлаётган лирик қаҳармон тасвирланган:

Бугун омадли куни

Менинг қалбимнинг

Ҳеч нарсани тополмайди у(3).

Татьяна Виноградова эса замонавий рус жамиятидаги шахснинг ижтимоий муаммоларини экологик муаммоалар фонида, ироник оҳангда тасвирлайди:

…Мазут кўлидаги

Қора оққушдек

Йўқдир унинг ташвиши(3).

Шоира мазут, оққуш деталлари орқали реал жамиятда қийналиб яшаётган инсоннинг руҳий кечинмаларини жонли тарзда ифодалай олган. Чунки оққуш учун мазутга тўла кўл қандай салбий таъсир кўрсатса, бугунги жамият ҳам лирик қаҳрамон айтаётган одамга шундай таъсир кучига эга. Мазут кўли рамзий маънода замонавий дунёнинг тасвири ҳамдир. Шоира шеърни метафора даражасига олиб чиққан ва унинг замиришга глобал муаммони қўяди: ана шундай муҳитда унинг тирик қолишдан бошқа қандай ташвиши бўлиши мумкин?

Тасвирий ифодавийлик, тасвирнинг рамзийликка эгалиги, рамзийлиги билан япон хокку ва танка каби поэтик миниатюраларга ўхшаб кетадиган учликлар орасида Михаил Барунинг алоҳида ўрни бор. Уларда инсонга, табиатга муҳаббат, қисман ироний етакчилик қилади:

Қуёш ботар …

Қандай майин, қандай оқ қўзиқорин

Оқшомги шудринг кўзёшларида.

Шоир поэтик деталлар орқали табиат ва инсон уйғунлигини моҳирлик билан тасвирлаган.

Аслида учлик шеърий шакллар жаҳон шеъриятида жуда қадимдан мавжуд бўлган. Масалан, турк олими Ниҳат Сами Банарли юнонларда ҳам қадимда уч мисрали қитъа бўлганини қайд этган(1).

Демак, ўтган асрнинг ўрталаридан бошлаб, кўплаб халқлар шеъриятида янги шеърий шакл сифатида учликлар яратила бошланди. Булар орасида ўзбек шеърияти ҳам бор. Турли халқлар учликларида  халқнинг турмуш тарзи, бадиий тафаккури, шеъриятининг анъаналари шоирлар ижодий лабораториясида жиддий қайта ишланиб шаклга тушган. Шунинг учун улар орасида фарқ бор. Жумладан, Анвар Обиджоннинг уччаноқлари соф миллий асосда шаклланди ва ривожланди.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР 

  1. Nihat Sаmi Banarli. Resimli Tűrk edebiyati tarihi. – Istanbul: Milli Eğitim Basimi, 1987. 1 jild. 52-sayfa.
  2. Гумилев Л.Н. Қадимги турклар.– Тошкент: Фан, 2007. – Б.87.
  3. Дети Ра: № 10(84)2011. Колонка редактора.Трехстишие на карте генеральной. http://magazines.russ.ru/ra/2011/10/ka5.html
  4. ДугаржаповаТ.М., Бурятская поэзия: проблемы поэтики и стиля. Автореферат дисс. на соиск. ученой степени д.ф.н. – Уфа: 2004 http://www.dissercat.com.
  5.   Зейферт Е.И. Жанровые процессыв поэзии российских немцеввторой половины XX – начала XXIвв. автореф. диссерт. на соиск. учёной степенид. ф.н. –М., 2008. – стр.43. www.dissercat.com
  1. Мижит Людмила Салчаковна. Триада в тувинской словесности: поэтический жанр ожук дажы (трехстишие): автореф.дис.на соискание учёной степениканд. филол. наук: 10.01.02.  –Уфа, 2007. www.dissert.com.ru
  2. Минг бир ҳадис. Араб тилидан Абдулазиз Мансур таржимаси. – Тошкент. “Мовароуннаҳр”, 1998. – Б.22
  3. Норматов У. Ижодкорнинг даҳлсиз дунёси. – Тошкент. “Мумтоз сўз, 2008. – Б.96
  4. Обиджон, Анвар. Танланган шеърлар – Тошкент. “ШАРҚ” НМАК. 2006.
  5. Саримсоқов Б. Ўзбек маросим фолклори. – Тошкент, Фан. 1986. – б. 191.

 

Добавить комментарий